Ўзбекистон | 08:38 / 15.03.2024
2902
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон талаба қизлар учун алмашинув дастурлари ишлаб чиқади

Ню-Йорк шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Сенат раиси, гендер тенглик бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева Эроннинг Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича вице-президенти Энсиё Хазалий билан учрашди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро тузилмалар доирасида шерикчиликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги, шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва парламентлари ўртасидаги фаол ўзаро алоқалар мамлакатларимиз аёллари ўртасидаги ҳамкорлик учун муҳим платформа яратаётгани алоҳида қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорлик доирасида хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маърифий ҳаётдаги иштирокини ошириш, жамиятдаги ижтимоий мавқейини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўшма лойиҳалар асосида бирлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусан, илмий муассасалар ўртасида оила ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Эроннинг етакчи олий таълим муассасаларида талаба қизлар учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид