Жаҳон | 10:45 / 17.03.2024
17961
12 дақиқада ўқилади

Кобулда Ўзбекистон – “Толибон” музокаралари: нималар кўриб чиқилди?

12 март куни Ўзбекистон ТИВ делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида Кобулдаги музокаралар ҳақидаги саволларга сиёсатшунос Ҳамза Болтаев жавоб берди.

— Ўзбекистон ТИВ делегацияси Афғонистонга қайси мақсадлар билан борди?

— Афғонистон масаласи тарихан ҳам, ҳозир ҳам Ўзбекистон учун жуда муҳим. Фақатгина қўшнилик омили эмас, балки Афғонистон билан ҳамкорлик қиладиган бир нечта соҳаларимиз бор ва бу ҳамкорликни сақлаб туриш бизнинг стратегик манфаатларимизга тўғри келади.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистонга ташрифида бир нечта масалаларни муҳокама қилди. Биринчиси Трансафғон темирйўли, иккинчиси савдо-иқтисодий, маданий, ҳуманитар масалалар, учинчиси Ўзбекистон учун муҳим бўлган сув, Қўштепа канали масаласи муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ёзилган баёнотда ҳаддан ташқари умумлаштиришлар бор. Иқтибос келтирсак: “Музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди. Иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган. Ичидан ўзинг хоҳлаганингни билиб олавер, деган ёндашувга ўхшайди. “Толибон” томони баёнотида эса учрашувда кўтарилган масалаларни бирма-бир санаб ўтган. “Толибон” ҳукумати ўрнатилганига кўп бўлмади, тан олинмаган ҳам, лекин Ўзбекистон мустақил бўлганига 30 йилдан ошган, ташқи сиёсатга жавобгар институтларнинг ёши ҳам шунга яраша. Шунга қарамай, бундай муносабат, бунга иккита ҳолат асосий сабаб деб ўйлайман: биринчиси ҳаддан ортиқ суҳбатдаги фикрларни яшириш; иккинчиси эса интеллектуал дангасилик. Фалон-фалон масалалар муҳокама қилинди, биз бундай позиция билдирдик деб баёнот бериш керак бўлаётган жараёнларга масъулиятни зиммасига олиб. “Толибон” томони шундай қилган.

“Толибон” биринчи навбатда иккала делегация қандай масалаларни илгари сурганини айтган. Хусусан, Афғонистон томони икки томонлама ҳамкорлик, савдо-сотиқ, транспорт масаласини илгари сурган. “Толибон” билан дипломатик алоқаларни янгилаш масаласи ҳақида айтилган. Бу дегани “Толибон” Афғонистондаги ҳукумат сифатида ўзининг расмий вакилини Тошкентда тан олинишини назарда тутувчи фикрни илгари сурган. Кейин афғон бизнес вакиллари ва ҳайдовчиларга виза бериш масаласи кўтарилган. Бундан ташқари, электр энергиясидаги узилишлар. Феврал ойида кучли қор ёғиши, аҳолининг электрга бўлган эҳтиёжи ортиши натижасида узилишлар бўлган, шу масала ҳам муҳокама қилинган.

Ўзбекистон томони нималарни илгари сургани ҳам айтилган. Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида хавфсизлик таъминланганидан мамнунлигини билдирган. Ўзбекистон томони Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўришини баён этган. Бу ростдан ҳам муҳим нуқта, қўшиламан бунга. Биз Афғонистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириб, транспорт коридорлари, геоиқтисодий, ташқи савдони кенгайтириш масалаларини қўядиган бўлсак, биринчи навбатда Афғонистон билан яхши муносабатларни йўлга қўйиш керак. Тарихий жиҳатдан ҳам, маданий, ҳуманитар жиҳатдан ҳам Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми.

Афғонистон шимолидаги вилоятлар кўпроқ тарихан Марказий Осиёга боғлиқ. Бир неча миллион ўзбеклар бор, тожиклар ҳам бор. Фақат Ўзбекистон эмас, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам тарихий боғлиқлик кучли Афғонистон шимолида. Ҳиндикуш тоғидан жанубдаги халқлар эса маданий жиҳатдан катта фарқ қилади шимолдан, гарчи битта ислом динида бўлсалар ҳам.

— Транспорт соҳаси нималарни ўз ичига олади ва нима мақсадда?

— Транспорт соҳасида Ўзбекистон Афғонистондан нима хоҳлайди, деган савол қўйсак. Менимча, Ўзбекистон биринчи навбатда ташқи бозорга чиқиш, савдо йўллари, савдо-иқтисодий муносабатларини, энергетик экспорт-импорт муносабатларини диверсификация қилса, иқтисодий хавфсизлиги мустаҳкамланган бўлади. Шу нуқтаи назардан Афғонистон омили муҳим.

— Марказий Осиёдаги транспорт коридорлари масаласига Туркманистон ҳам фаол қўшилгандек. Туркманистон ва “Толибон” делегациялари учрашди ҳам. Бу борада фикрингиз қандай?

— Ташқи ишлар вазирининг Афғонистонга ташрифини бундан олдин бўлган Қатарга ташриф ва “Толибон” делегациясининг Туркманистонга ташрифи призмасида кўриш тўғри бўлади деб ўйлайман. Негаки, “Толибон” тан олинмаган бўлса-да, дипломатик жиҳатдан жуда фаол, чунки ҳар қандай ҳукуматнинг дипломатик фаоллиги асосий омиллардан бири, бундан ташқари, Афғонистон иқтисоди инвестицияларга, ҳамкорликка муҳтож. “Толибон” Туркманистонга ташрифида Россия ва Қозоғистонга урғу бериб, Каспийбўйи давлатлари ва Туркманистондан транзит сифатида фойдаланмоқчи эканини билдирган. Электр ва газ импорт қилиш ҳақида ҳам гаплашилган.

— Афғонистоннинг Россия ва Қозоғистон билан боғланиши масаласида энг қулай йўл Ўзбекистон эмасми, нега бундай йўл тутиляпти?

— Афғонистон ўз маҳсулотларини Қозоғистон орқали Россияга экспорт қилмоқчи ёки импорт қилмоқчи бўлса, энг яхши транзит йўл – Ўзбекистон. Нега Ўзбекистон танланмаяпти? Билишимча, Қозоғистоннинг Ўзбекистон орқали ўтувчи товарларига бож жуда юқори, 2022 йилда Қозоғистон томони эътироз ҳам билдирди бу борада, ҳозир икки томон келишяпти. Манфаатли келишувга эришилади деб умид қиламиз. Бундай имкониятларни қўлдан чиқариш Ўзбекистон манфаатларига болта уради. Ўзбекистон орқали боғланиш катта имкониятлар яратади бизга. Туркманбоши портидан Каспийбўйи давлатларига бориш ҳам қулай Афғонистон учун. Фақатгина давлатларнинг сиёсий ўйини ёки инжиқликлари нуқтаи назаридан қараш тўғри эмас, бошқа факторлар ҳам бор. Ҳар қандай иқтисодий муносабатлар субъекти ўзига оптимал бўлувчи транспорт йўлини танлайди, харажатларини ҳисоблаб, қулайини танлайди.

— Трансафғон йўлаги масаласида Қатар иштироки ҳақида ҳам гаплашсак.

— Қатар Афғонистоннинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларида ўзига хос воситачи бўлиб келяпти. Ўзбекистон тарафи Қатар молиявий манбалари асосида Трансафғон темирйўлини тезлаштириш ниятида, менимча. Бундай қўшимча молиявий манбалар жалб қилиш тўғри йўл бўлади, ҳамма томон манфаатларига хизмат қилади, шу нуқтаи назардан Қатар билан ҳамкорлик энг оптимал вариантлардан бири деб ўйлайман. “Толибон” билан Қатар муносабатлари яхшилиги ҳам муҳим рол ўйнайди.

— Қўштепа масаласида бирор янги қадам борми?

— Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида Қўштепа нозик нуқталардан бири, фақат Ўзбекистон эмас, Тожикистон, Туркманистон билан муносабатларда ҳам. Афғонистоннинг Амударё сувидан фойдаланишга ҳаққи бор, дарёнинг катта қисми Афғонистондан ҳам шаклланади. Бу ерда масала ҳаққи бор ёки йўқлиги эмас, балки сувни қанча ва қандай олиши масаласи бўляпти. Сувдан фойдаланишни тартибга солиши керак. Буни тартибга солиш учун томонлар ўтириб музокара қилиб, ҳужжат қабул қилиши керак бу бўйича, бунинг учун эса “Толибон” ҳукумати тан олинган бўлиши керак.

— Бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Ҳатто катта давлат бўлган Хитой ҳам тан олмасдан яқин алоқалар ўрнатяпти.

— Афғонистон ва Хитой муносабатлари тарихан яхши бўлган. Бугун ҳам элчиларни қабул қилиб яхши муносабатда. Қудратли давлатлар ўзи истаган сиёсатни очиқча олиб бора олади очиқчасига, тартибга солинган келишув, шартномалар асосида, албатта. Бугунги кунда Хитойнинг халқаро муносабатлари трансформацияси бўляпти. Нимада кўринадики, Афғонистон элчисидан ишонч ёрлиғи қабул қилди, лекин “Толибон”ни тан олиш ҳақида гапиргани йўқ. Бу Афғонистон билан муносабатларни ўзим хоҳлаган шаклда олиб бораман деб ўзини намоён қилиш.

— Музокараларда Ўзбекистон томони Қўштепа каналини бетонлаштириш учун Афғонистонда цемент заводи қурилиши, шунингдек кўмир масаласида ҳамкорлик таклиф этгани ҳам айтиляпти.

— Қўштепа канали 2022 йил баҳорида қуриб бошланди. Ўзи бу лойиҳа олдиндан бор эди, 2018 йилда АҚШ билан олдинги Афғонистон ҳукумати бу канални қуриш лойиҳаларини кўриб чиққан. “Толибон” олдинги Афғонистон ҳукуматининг жуда кўп лойиҳаларини жадаллаштиряпти, яққол мисол Қўштепа канали. Қўштепа каналининг қурилишида эмас, балки қай даражада тез қурилишида катта гап бор.

Ҳали сув қаерга бориши аниқмас, ирригацион лойиҳалар йўлга қўйилмаган. Қачонки кимгадир исботламоқчи бўлса бирор иш шошилинч қилинади. “Толибон” ҳам халқаро ҳамжамиятга сиз бизни тан олмадингиз, лекин бизнинг шундай лойиҳаларни қиладиган потенциалимиз бор, деган мақсад бўлиши мумкин. Ёки қўшни давлатлар ва халқаро ҳамжамиятга босим ўтказиш бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозирда “Толибон” ҳукуматини тан олиш ва легитимлик энг катта масалалардан бири. Қайсидир давлат “Толибон”ни тан олса, улар учун бу жуда катта дипломатик ютуқ бўлади. Канал қўшни давлатларнинг тан олишига эришиш учун ричаг сифатида кўрилаётган бўлиши ҳам мумкин.

Қўштепа канали масаласида Ўзбекистон позицияси олдиндан маълум. Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил август ойида Туркманистонга ташрифи чоғида ҳам Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон томонлари билан бу масалани муҳокама қилди. Унда расман Қўштепа номи тилга олинмаса ҳам, Амударёдан сув олишни тартибга солиш, алтернатив сув манбаларидан фойдаланиш, янги технология ютуқларини сув хўжалигига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Қўштепа канали орқали сув олишда маълум лимитга амал қилиш бўйича шартнома қилиши мумкин. Бундан ташқари, Қўштепа канали қазиш жараёнларида ҳамкорлик таклиф қилиши ҳам мумкин.

Ўзбекистон томони ҳамкорлик таклиф қилган канал қурилишида. Ундан олдин “Толибон” томони ҳам бундай таклиф берган, Ўзбекистон томони йўқ демади, лекин кутишни маъқул кўрди, менимча. Амалий ҳаракат қилинмаганига сабаб бор: у пайтда “Толибон” ҳукумати бунчалик узоқ вақт ҳокимиятда туришига тўла ишонч комил эмасди ҳеч кимнинг, бу — биринчи масала, иккинчи масала эса Ўзбекистон томонидан “Толибон”га нисбатан ишонч ҳам йўқ эди, яъни “Толибон” бундай катта лойиҳани амалга ошириш салоҳияти борлигига ишонч йўқ эди. Ўзбекистон атайлаб чўзди дея олмаймиз бу вазиятда.

— “Толибон”нинг ҳомийси ким бўляпти бундай лойиҳаларни амалга оширишда?

— Расмий манбалар ва экспертлар хулосаларга таяниб жавоб бериш мумкин. Лекин реал воқеликка, бўлаётган ишларга қараб жавоб бериш керак. Масалан, ёқилғи билан кўпчилик таъминлаяпти Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам, бошқа давлатлар ҳам экспорт қилади. Техникалар сотиб олишдаги молиявий манба “Толибон” ҳукуматининг ўзи сифатида кўрсатилади расмий маҳсулотларда. Техникаларнинг 90 фоизи Хитойдан сотиб олинган техникалар. 2021-2022 йилларда Афғонистон Хитойдан энг кўп қурилиш техникаларини сотиб олган давлат экан. Умуман, бу қурилишлар ортида қайсидир ҳомий давлат бор дейишга асослар йўқ.

— Ўзбекистон томони кўмир ва цементдан ташқари яна нималар таклиф қилди?

— Амударё сувидан фойдаланишни тартибга солиш Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалалардан бири деб ўйлайман. “Толибон” 2023 йил октябр ойида каналнинг биринчи қисми қурилишини тугатди. Лекин оддий эски услубда қурилган канал, ҳеч қандай бетонлаштириш йўқ. Ўзбекистон томони техник жиҳатдан ёрдам таклифини бериши мумкин. Цемент ишлаб чиқариш таклифидан ташқари, Ўзбекистон канал қурилишида ирригацион жиҳатдан ёрдам беришни ҳам таклиф этди. Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасида анча яхши, албатта, шунинг учун бу томонлардан ёрдам бериши мумкин деб ўйлайман.

Ўзбекистон кўмир қазиб олиш ва кўмирга асосланган электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳам ўз ёрдамини таклиф этди. Бу таклифларнинг барчасини Қўштепа канали атрофида, шу призмадан кўриш нотўғри бўлмайди, менимча.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид