Ўзбекистон | 10:00 / 20.03.2024
4921
2 дақиқада ўқилади

Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Наврўз сайли бўлиб ўтди

18 март куни Ўзбекистондаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Наврўз байрами тантаналари ва сайли бўлиб ўтди. Ушбу байрамни баланд руҳ ва катта шодиёналар билан нишонлаш азал-азалдан ўзбек халқининг гўзал ва тарихий анъаналаридан бири саналади. Энди эса Наврўз байрами сайиллари халқаро олий таълим муассасаларида ҳам кенг миқёсда ўтказилмоқда.

Университетда ташкил этилган байрам сайлида маҳалла фаоллари, нуронийлар, талабалар ва институтнинг барча ходимлари иштирок этишди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ижодкорлари ҳамда халқимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ташкил этилган концерт ҳам байрамга ўзига хос кўтаринки руҳият бағишлади. Бундан ташқари, спорт мусобақалари ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлар спортнинг шахмат, шашка ва стол тенниси йўналишларида қизғин баҳслар олиб боришди. Ғолиблар эса қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шунингдек, сайил доирасида дошқозонларда сумалак ва ош каби ўзбек халқининг миллий таомлари тайёрланиб, меҳмонларга тортиқ қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек халқининг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланган. Энди эса Наврўз байрами чет эл илмий даргоҳларида ҳам катта тантаналар билан нишонланмоқда.

Реклама

Мавзуга оид