Ўзбекистон | 10:00 / 18.01.2024
3411
4 дақиқада ўқилади

Ўзсаноатқурилишбанк ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди

Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Ўзсаноатқурилишбанк ўртасида таълим ва тажриба алмашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида меморандум имзоланди.

2024 йил 12 январда ТСМРИ ва Ўзсаноатқурилишбанк ўртасида имзоланган меморандумда ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланди, натижада Ўзсаноатқурилишбанк ходимларининг билим ва малакасини ошириш, таҳлилий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш бўйича қисқа ва ўрта муддатли халқаро ўқув курслари ва ривожланган хорижий давлатларда амалиёт ўташни доимий равишда ташкил этишга келишилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил

12 майдаги ПФ-5992-сон фармони билан тасдиқланган «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси»нинг 41-бандида «Талаб энг юқори бўлган йўналишларда (риск-менежмент, корпоратив бошқарув, лойиҳавий таҳлил ва бошқалар) банк соҳаси кадрларининг малакасини ошириш учун 10 та профессионал дастурлар ишлаб чиқиш» вазифаси белгиланган.

«Ўзсаноатқурилишбанк ходимларини малакасини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича англашув меморандумини имзоладик. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти илғор хорижий таълим муассасалари билан биргаликда шу форматдаги қисқа муддатли ўқув курсларини, малака ошириш курсларини ташкил этиб келяпти. Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, халқаро молия институти экспертлари билан биргаликда Ўзсаноатқурилишбанк ходимлари қисқа муддатли ўқув курслари асосида малакаларини оширишади. Бу курсларнинг 1 ҳафтаси Тошкентда олийгоҳимиз кампусида ташкил этиладиган бўлса, қолган муддат мобайнида хорижий мамлакатлар, жумладан, Сингапур, Корея, Германия ва Буюк Британияда ташкил этилади. Халқаро молия институтлари экспертлари билан тренинг курсларининг ташкил этилиши бу нафақат курсимизнинг мазмунлилигини, шу билан бирга амалийлигини ҳам таъминлаб беради. Қолаверса, бу каби малака ошириш курсларининг ташкил этилиши, банк соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқилишини таъминлабгина қолмасдан, мазкур банкнинг ходимларига, инсон капиталига йўналтираётган энг асосий инвестицияси бўлиб хизмат қилади», дея таъкидлаб ўтди ТСМРИ ректори Илҳом Маматқулов.

«Ўзсаноатқурилишбанк» ходимлар ва ташкилий ривожлантириш департаменти директори в.б. Абдулазиз Орифжоновнинг таъкидлашича, ушбу меморандум банк ходимларига хорижлик тажрибали мутахассислардан янгича билим ва кўникмаларни ўрганиш имкониятини тақдим этади.

«Ушбу ўқув семинарлар модул тизимидан иборат бўлиб, баъзи модуллар ТСМРИ ҳудудида, баъзилари хорижий ҳамкор давлатлар ҳудудида бўлиб ўтади. Биринчи босқичда риск менежменти, комплаенс, лойиҳа менежерлари, бухгалтерлар, аудит каби йўналишларда мутахассислар малакалари оширилиб Ўзбекистонга қайтарилади. Улар ушбу меморандум ёрдамида ўқув-семинарларда қатнашиб, ACCA, CFA, FRM ва PMI каби халқаро сертификатларни олиб Ўзсаноатқурилишбанки ривожига ўз ҳиссаларини қўшишади» деди у.

Жорий йил дастур доирасида бош банк, фронт ва бек-офис ходимлари ҳамда топ-менежерлардан иборат 3,5 мингдан зиёд кадрлар ўқитилиб, малакаси оширилиши режалаштирилган.

Реклама

Мавзуга оид