Жаҳон | 11:35 / 22.03.2024
2238
2 дақиқада ўқилади

Эстония Украинага 20 млн евролик ҳарбий ёрдам ваъда қилди

Украинага янги ёрдам пакети ажратилиши ҳақида Эстония мудофаа вазири Певкурнинг Киевга ташрифи чоғида маълум қилинди. Эстония бош вазири Каллас Европа Иттифоқининг ҳар бир давлатини Киевга ёрдам бериш учун ЯИМ 0,25 фоизини ажратишга чақирди. 

Фото: Reuters

Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур Киевга ташрифи чоғида Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини ваъда қилди. Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо Болтиқбўйи мамлакати Украина армиясини 20 миллион евро қийматидаги қурол-яроғ ва техника билан таъминлайди, бу ҳақда Певкур украиналик ҳамкасби Рустем Умеровга маълум қилди, деб хабар берди 21 март, пайшанба куни Таллиндаги мудофаа вазирлиги

Эстония ёрдам пакетига бошқа нарсалар қаторида танкка қарши қуроллар, портловчи моддалар, турли ўқ-дорилар, снайпер ускуналари ва противогазлар киради. «Биз тўпламни шундай туздикки, Украина максимал фойда олади, аммо бунинг натижасида Эстониянинг мудофаа қобилияти зарар кўрмайди», — деди Певкур. Унинг қайд этишича, бундай ёрдамга эҳтиёж Умеров жанг майдонидаги вазият ҳақида маълумот берганидан сўнг яққол намоён бўлди. 

Эстония вазирининг сўзларига кўра, яқинлашиб келаётган ёз фонида Украинага зудлик билан, биринчи навбатда, ўқ-дорилар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, эҳтиёт қисмлар ва электрон ҳарбий техника зарурлиги маълум бўлди. 

Эстония ЕИ давлатларига Украина учун ЯИМ 0,25 фоизини ажратишни таклиф қилди 

Айни пайтда, Эстония бош вазири Кая Каллас Европа Иттифоқи ҳар бир давлатини Киевга ҳарбий ёрдам учун ЯИМнинг камида 0,25 фоизини ажратишга чақирди. Бу Украинага Россияни мағлуб этишга имкон беради, деди у Брюсселдаги ЕИ саммитида. Каллас, шунингдек, Еврокомиссиянинг Россия музлатилган активларидан тушган фойда катта қисмини Украина учун қурол сотиб олишга ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади. 

Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, ҳозирда Эстония ЯИМнинг деярли 3,6 фоизини Украинага ёрдам бериш учун ажратмоқда - бу бошқа мамлакатлардан кўра кўпроқ. Германия Киевни қўллаб-қувватлаш учун ЯИМнинг 0,6 фоизини, Франция, Италия ва Испания эса атиги 0,07 фоизини ажратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид