Жаҳон | 10:24 / 01.04.2024
7524
4 дақиқада ўқилади

NYT Испанияда россиялик учувчининг ўлдирилиши тафсилотларини ошкор қилди

Қотиллар воқеа жойини тарк этаётганида Максим Кузминовга қарата олтита ўқ отиб, машинани ўлдирилган учувчи жасади устидан ҳайдаб ўтган. Испания полицияси жиноятни профессионал қотиллар содир этган деб ҳисобламоқда.

Максим Кузминов Фото: Kirill Chubotin/Ukrinform/abaca/picture alliance

Испанияда россиялик ҳарбий учувчи Максим Кузминовнинг ўлдирилиши янги тафсилотлари 31 март, якшанба куни The New York Times газетасида чоп этилди. Маълумотни нашрга анонимлик шарти билан терговни бошқараётган испан терговчилари ва Украинанинг юқори мартабали амалдорлари тақдим этган.

The New York Times хабарига кўра, Кузминов Украинани 2023 йил октябр ойида тарк этган, гарчи унга вертолёт ўғирлаганидан кейин Россияга қарши жанг қилиш учун қолиш таклиф этилган. Учувчи яшаш учун Испанияни танлади, у ерда Игор Шевченко номи билан Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Виляхойос шаҳрида жойлашди. 

Кузминовнинг ғалати танлови 

Газета Кузминов танловининг ғалатилигини таъкидлайди, чунки минтақада Россиянинг уюшган жиноий гуруҳлари фаолият юритади, уларнинг баъзилари Россия разведка хизматлари билан боғлиқ. Россия ҳукумати уни ўлдирмоқчи эканлигини билган Кузминов руслар ва украинлар орасида машҳур бўлган барларга бориб, у ерда пулларини совурган. 

Игор Шевченко фамилияси остида яшаган учувчига қотиллар қандай қилиб чиққани ҳозирча аниқланмаган, бироқ украиналик икки юқори мартабали амалдор NYT’га у Россияда бўлган собиқ севгилиси билан боғланиб, уни Испанияга келишга таклиф қилганини айтган. «Бу жиддий хато эди», деди расмийлардан бири. 

13 феврал куни эрталаб оқ Hyundai Tucson Кузминов яшаган турар жой биносининг ерости гаражига кириб келган. Машина лифт ва кўчага олиб борадиган пандус ўртасида тўхтаган. Фуқаролик гвардияси ходимининг айтишича, икки жиноятчи Кузминовни бир неча соат кутган. Тахминан соат 16:20 да у гаражга кириб келиб, машинани жойлаштирган ва лифтга қараб йўл олган. Ҳужумчилар машинадан тушиб, Кузминовни чақирган ҳамда унга олти марта ўқ узган. Ярадор бир неча қадам ташлаб, пандусга қулаган. Жиноят жойини тарк этаётиб, ҳужумчилар ўлдирилган учувчининг жасади устидан машинани ҳайдаб ўтган. «Хабар аниқ эди: мен сени топаман, ўлдираман, эзиб ташлайман ва шарманда қиламан», деди Фуқаролик гвардиясининг юқори лавозимли амалдори.

Макаров тўппончасидан гилзалар

Полиция воқеа жойида 9 мм калибрли Макаров тўппончаси патронларидан гилзаларни топди, деб ёзади газета ва уларни жиноятчиларнинг келиб чиқишини кўрсатадиган далил деб атади. Полиция вакилларининг фикрича, гараждаги кузатув камераси тасвирларига тушган қалпоқда бўлган икки қотил аниқ профессионалдир - улар Кузминовни тезда ўлдириб, ғойиб бўлган.

Жиноятчиларнинг қотилликдан бир неча кун олдин ўғирлаб кетилган машинаси воқеа жойидан бир неча километр узоқликда топилган. Терговчиларнинг фикрича, машина махсус воситалар ёрдамида ёқиб юборилган. Фуқаролик гвардиясининг махсус бўлинмаси терговни қатъий махфийлик асосида олиб бормоқда. 

Юқори мартабали полиция ходимлари NYT’га айтишича, Максим Кузминовнинг ўлдирилиши 2019 йилда Берлинда чечен Зелимхон Хонқошвилининг ўлдирилиши ва 2018 йилда Британиянинг Солсбери шаҳрида собиқ «ГРУ» зобити Сергей Скрипалга суиқасдга уриниш билан бир хил хусусиятларга эга. Россия махсус хизматлари ушбу жиноятларда гумон қилинган. Фарқи шундаки, Кузминовнинг қотиллиги айбдорлари ҳали топилмади ва гумондорлар бор-йўқлиги ҳақида расман хабар берилмади. 

New York Times таъкидлашича, Россия расмийларининг қотилликдаги иштироки тўғридан тўғри излари ҳали топилмаган, гарчи El País газетаси аввалроқ Испания разведка хизматлари «рус изи»га шубҳа қилмаслигини ёзган эди. Испания расмийлари ҳозирча воқеага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашяпти ва Кремлга қарши айбловлар қўйгани йўқ. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид