Жаҳон | 09:22 / 10.12.2025
3402
3 дақиқада ўқилади

Испанияда РФдан қочган учувчини ўлдириш иши бўйича тергов вақтинча тўхтатилди

Испания терговчилари 2023 йилда Россиядан Украинага Ми-8 вертолётини олиб қочган учувчи Максим Кузминовнинг ўлдирилишига алоқадор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далил топа олмади. Терговчи судя ишни вақтинча тўхтатиш қарорини қабул қилди.

Максим Кузминов Фото: Kirill Chubotin/Ukrinform/abaca/picture alliance

Испанияда россиялик учувчи Максим Кузминов ўлдирилиши ҳолатини ўрганаётган терговчи судя ишни вақтинча тўхтатди. Кузминов 2023 йилда Россиядан Украинага Ми-8 ҳарбий вертолётини олиб қочган эди. Бу ҳақда сешанба, 9 декабр куни Испания суд ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.

Пресс-релизда таъкидланишича, судя сентябр ойи билан белгиланган қарорда «маълум бир шахсни ижрочи, жиноятчи ёки ёрдамчи сифатида жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далиллар топилмагани»ни қайд этган.

«Судя бундай қарорни отишни амалга оширган шахсни аниқлаш имкони бўлмагани ҳақидаги ҳисоботни олгандан кейин қабул қилди», — дейилади баёнотда.

El País газетаси маълумотларига кўра, терговнинг илгарилашига Россия ҳокимияти томонидан ҳамкорлик йўқлиги тўсқинлик қилмоқда — Москва Аликантедан юборилган биронта сўровга жавоб бермаган. Шу билан бирга, Испания разведка хизматларидаги манбалар нашрга берган изоҳларида бу қотиллик ортида Кремл турибди, деб ҳисоблашини айтган.

CBS телеканали маълумотларига кўра, Максим Кузминовни ўлдиришга икки россиялик — собиқ КГБ офицери ва унинг қариндоши, Россия полицияси полковниги алоқадор бўлиши мумкин.

Россия армия авиациясининг 319-алоҳида вертолёт полки собиқ учувчиси Максим Кузминов 2024 йил февралида Испаниянинг Виляхойоса шаҳрида (мамлакат жануби-шарқидаги Аликанте провинцияси) номаълум шахслар томонидан ўлдирилган. У бу мамлакатга Украина орқали кирган — у ерга эса 2023 йил сентябрида Курск вилоятидан Россия ҳарбий Ми-8 вертолётини паст баландликда учириб олиб ўтган.

Украина ОАВ маълумотига кўра, Кузминовнинг ўзи Украина разведкаси билан боғланган ва жанговар ҳаракатлар ҳудудига кириб боргач, Ми-8 вертолётида паст баландликда Украина ҳудудига парвоз қилган. Бу учун унга хавфсизлик кафолатлари ва пул мукофоти ваъда қилинган.

Ўз навбатида, Россия давлат ОАВ хабар беришича, вертолёт бортида, учувчидан ташқари, штурман ва борт-техник ҳам бўлган ва улар ўлдирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид