Ўзбекистон | 22:00 / 13.04.2024
19420
7 дақиқада ўқилади

Терактлар: узоқ муддатли оқибатлар қандай бўлади?

Москвадаги терактдан кейин бу воқеа Россия ва унинг атрофидаги давлатлар учун узоқ истиқболда қандай оқибатлар яратиши асосий масала бўлиб қолмоқда. Буни таҳлил қилиш учун дунё ва Ўзбекистон тарихидаги энг йирик икки теракт ва уларнинг тарихий оқибатларига назар солиш ўринли бўлади.

Яқинда Москвадаги Крокус Сити Ҳоллда юз берган мудҳиш жиноятдан кейин терактлар мавзуси яна долзарб бўлиб қолди. Ўтган ўн йилликларда терактлар ҳақида айтилмаган фикрнинг ўзи қолмади ҳисоб. Лекин терактларнинг узоқ муддатли оқибатлари қандай бўлди ёки бўляпти, бу терактлардан давлатлар ва жамиятларга қандай оқибатлар қоляпти, деган савол жуда ўринли. Бу саволга жавоб бериш учун кейинги ўн йилликларда юз берган уч давлатдаги йирик терактларни олиб, таҳлил қилиш фойдали бўлади.

Янги, 21-аср АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябрида юз берган терактлар билан бошланди. Айнан мана шу теракт АҚШ ва дунё сиёсатини кескин ўзгартириб юборди. Ҳалига қадар бу теракт борасида кўплаб жавобсиз қолаётган саволлар бор. Ҳозир “буни ким, нима мақсадда қилди?” деган саволга жавоб изламаймиз. Бу терактлар узоқ муддатда АҚШга ва бошқаларга қандай оқибатлар олиб келди, деган саволга жавоб излаймиз.

11 сентябрдан кейин АҚШ Афғонистонга ва Ироққа бостириб кирди. Афғонистонда 20 йил уруш олиб борди. Ироқдан эса, Обама даврида шошилинч чиқиб кетди. Натижада, шу икки уруш учун, ҳар хил ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ жами тахминан 2-3 триллион доллар сарфлади. Бир неча минглаб аскарлари ҳалок бўлди. Лекин на Афғонистонда ва на Ироқда ўз олдига қўйган мақсадларига эриша олмади. Афғонистон ҳокимиятига толиблар қайтди. Ироқда Саддам Ҳусайн йиқилиши билан АҚШнинг асосий минтақавий оппоненти бўлмиш Эрон кучайиб кетди.

Қолаверса, айнан 11 сентябрдан кейин АҚШ ички ва ташқи сиёсатида исломофобия кучайиб кетди. АҚШнинг Яқин Шарқдаги анъанавий араб иттифоқчилари расмий Вашингтондан қўрқиб қолишди. Саудия Арабистони, Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар ва бошқа давлатлар Вашингтондан масофа сақлаб, янги геосиёсий қутб излай бошлашди. Бугун, орадан сал кам 23 йил ўтиб, дунёда янги геосиёсий реаллик шаклланмоқда. АҚШ бошчилигидаги геосиёсий қутбга қарши бўлган қутбни “Глобал жануб” деб номлаш урф бўлган ва мана шу “Глобал жануб”да араб давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони, Араб Амирликлари ва бошқа араб давлатлари ҳам иштирок этмоқда.

Қисқа муддатда 11 сентябр АҚШ манфаатларига хизмат қилгандек кўринади, лекин узоқ муддатли вазиятга қаралса, 11 сентябр АҚШ учун қимматга тушди.

Хўш, 11 сентябр Саудия Арабистони давлати ва халқи учун қандай оқибатларга олиб келди? Чунки 11 сентябрда иштирок этган 19 кишидан 15 таси саудиялик экани айтилган эди. 11 сентябрдан кейин ташқи дунёнинг Саудия Арабистонига босими ниҳоятда кучли бўлди. Унга қадар Саудия Арабистони дунёдаги энг катта даъват тизимининг ҳомийси эди, ташқи дунёда янги масжидлар ва исломий марказларга эмин-эркин ҳомийлик қилар эди. Саудия ички ва ташқи сиёсатида исломий консерватизм – асосий сиёсий курс эди. 11 сентябр терактларидан кейин Саудия бу векторни демонтаж қилишга мажбур бўлди. Балки ички сиёсатда ҳам исломий фаоллик билан курашишга, дунёвийликни мажбурлашга, аҳолини исломий фаолликдан тийишга мажбур бўлди. Бошқача қилиб айтганда, агар маълум радикал диний гуруҳлар бу терактлар “исломий сиёсатга йўл очади” деб ўйлаган бўлса, оқибатлари мутлақ ва фақат тескари бўлди.

1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда катта терактлар содир бўлди. Бу терактларнинг оқибатлари давлат учун, халқ учун, қандай бўлди? Фақат салбий!

Терактларга қадар Ўзбекистоннинг минтақа ва ҳалқаро геосиёсатдаги ўрни анча юқори эди. Ўзбекистон минтақанинг асосий лидери сифатида кўрилар эди. Терактлар сабаб Ўзбекистонга инвестициялар келиши деярли тўхтади. Давлатнинг халқаро майдондаги обрўйига катта зарба етди.

Чунки дунё давлатларининг “қайси давлатларда, қачон ва нима учун терактлар бўлади?” деган саволга жавоблари тўлиқ шаклланиб бўлган. Терактлар кўп бўлаётган давлатларда ички парокандалик мавжуд, фуқаролик тирашувларига мойиллик бор, давлат ва халқ жипс эмас, аҳоли ичида маълум қатламлар ўта норози деган қараш кучли.

16 февралдан кейин ички сиёсатда катта зўриқишлар, қатағонлар даври бошланиб кетди. Давлат ўзининг легитимлигини ўйламайдиган ҳолатга тушиб қолди. Жамият ва ҳукумат – қутблашган эди. Бу ва бошқа воқеаларнинг салбий оқибатлари 2016 йилга қадар, Ўзбекистонда олий ҳокимият алмашгунига қадар давом этди.

Ёки Россия Федерациясида 2000-2004 йилларда юз берган кўплаб терактлар ҳам борки, буларнинг стратегик оқибатларини тўлиқ таҳлил қилиш қийин. Сабаби, ҳали Россияда янги сиёсий давр бошлангани йўқ. Чунки ҳокимият ўзгаргани йўқ. Бироқ шу нарса аниқки, 2000-2004 йиллардаги терактлар туфайли Россия эркин ва ҳуқуқий ривожланиш ўзанидан чиқиб кетди. Ҳокимият вертикалини шакллантирди. Россияда авторитар сиёсий тизимни легитимлаштирди ва шунинг учун ҳам Россиянинг эркин ва табиий ривожланиш модели шаклланиши камида 2-3 ўн йилликка кечикди.

Бошқача қилиб айтганда, терактлар давлатлар учун ҳам, жамиятлар ва оддий инсонлар учун ҳам асосан салбий оқибатлар олиб келади. Бир қарашда терактлар орқали кимдир бировлар маълум манфаатларни қўлга киритгандай кўриниши мумкин. Лекин ҳақиқий оқибат қандай бўлганини таҳлил қилиш учун тўлиқ сиёсий даврни кузатиш керак.

Терактлар бу – қўрқитиш ва манипуляция қилиш орқали мақсадга эришиш йўлидир. Қўрқитиш ва манипуляция қилиш орқали эса, узоқ муддатли стратегия қилиб бўлмайди, узоқ муддатли манфаатларга эришиб бўлмайди. Энг тўғри йўл – бу муаммоларни эмин-эркин англаш ва ишонтириш орқали ечим излаш йўли ҳисобланади.

Тарих кўрсатмоқдаки, терактлар кўпчиликни, ҳаттоки энг қудратли давлатларни ҳам адаштиради, уларнинг узоқ муддатли манфаатларига зарба беради. Мусулмон давлатлари, жамиятлари эса терроризм билан ҳаммадан кўра кучлироқ курашиши керак. Чунки террор орқали энг аввало мусулмонларга асосий зарба келмоқда.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид