3 минг вагнерчи «Ахмат»га қўшилди. «Оркестр» буткул тарқатилдими?
Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг 3 минг нафар ҳарбийси «Ахмат» махсус кучлари сафига қўшилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Пригожин даврида гуруҳ командирларидан бири бўлган «Ратибор» лақабли вагнерчи ҳам чеченлар бўлинмасига аъзо бўлган. У бир вақтлар чеченларни мазах қилганди.
«Мудофаа вазирлиги керакли вакансияларни ажратиб бўлди. «Вагнер» командирларидан бири Ратибор ва унга қўшилиб 3 минг нафар собиқ вагнерчи афсонавий «Ахмат» махсус кучлари таркибига қўшилади. Ратибор артиллерия зарбаси оқибатида яраланиб узоқ вақт даволанишда эди. Аммо оёққа туриши билан айнан «Ахмат» махсус кучлари сафида ҳарбий ҳаракатлар зонасига қайтишга қарор қилди», деб ёзди Қодиров Telegram-каналида.
Хўш, Россия ҳарбий раҳбарияти ва президент Путинга қарши исён кўтарган «Вагнер»нинг собиқ қўмондони ва унга бўйсунадиган вагнерчилар Қодиров таъсиридаги гуруҳга қўшилиши нимани англатади?
«Ратибор»ни Алауддинов кўндирган
Маълум бўлишича, «Вагнер» командири ва амалда унга бўйсунувчи 3 минг вагнерчини чеченлар гуруҳи сафига ўтишга Рамзан Қодировнинг «ўнг қўли» сифатида танилган «Ахмат» командири Апти Алауддинов кўндирган. Қодиров Алауддинов «Ратибор» билан бирга туриб юқоридаги келишув ҳақида гапирган видеони эълон қилди.
Қодиров «Ахмат» сафига қўшилган собиқ вагнерчилар тез орада ҳарбий вазифаларни бажаришга киришиши ҳақида гапирган. Чеченистон раҳбари «Вагнер» юқори самарадорликка эга гуруҳ бўлганини ҳам таъкидлаган.
«Ратибор» ким ўзи?
Шу ўринда «Ахмат» сафига ўтган «Ратибор» чақирув номли вагнерчи ҳақида икки оғиз. Асли исми Александр Кузнецов бўлган «Ратибор» «Вагнер» етакчиларидан бўлган ва гуруҳнинг Солнечногорскдаги ҳаракатларига қўмондонлик қилган.
2008 йилда у одам ўғирлаш ва ўғриликда айбланиб қўлга олинади ва кейинроқ қамалади. 2013 йил озодликка чиққан Кузнецов бир йил ўтиб «Вагнер»да рота бошлиғига айланади.
Қизиғи, Пригожин ўлимидан аввал Қодиров жамоаси ва Александр Кузнецов ўртасида жиддий можаро юзага келганди. Ўшанда Қодировнинг энг яқин одамларидан бири, Дума депутати Адам Делимханов «Вагнер» етакчиси Пригожинга яккама-якка, эркакчасига гаплашиб олишни таклиф қилганди. «Вагнер» таъсиридаги канал журналисти эса эндиликда «Ахмат» сафига ўтган «Ратибор»га Делимханов ҳақида савол берганди:
– Делимхановнинг Пригожинга мурожаатини кўрдингизми?
– Ким у?
– Депутат.
– Биласизми, менинг тик-ток томоша қилишга вақтим йўқ.
Бу видеони Қодиров мухлислари унинг жамоаси ва «Ахмат» баталёнини камситиш деб қабул қилганди. Чунки чеченларнинг фронтда олган видеоларидан келиб чиқиб украинлар уларни «Тик-ток жангчилари» дейишарди.
Шу тариқа, ўз вақтида Рамзан Қодиров жамоасидаги ҳарбийларни мазах қилган Кузнецов эндиликда «Ахмат» сафида жанг қилади. Айнан мана шу омил бу воқеанинг энг эътиборли жиҳати ҳисобланади. Мустақил рус нашрлари 3 минг вагнерчининг «Ахмат»га қўшилишини Пригожин асос солган «Вагнер»нинг ортиқ мавжуд эмаслигидан далолат деб талқин қилишмоқда.
Пригожин ўлганидан кейин
Амалда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Бахмут учун қонли жанглардан кейин фронтда кўриниш бергани ҳам йўқ. Гуруҳ ўтган йил ёздаги ҳарбий исёндан кейин амалда ўзига «ҳукм ўқиб бўлганди». Август ойида Пригожин авиаҳалокатда вафот этгач, бу гуруҳ амалда тарқалиб кетди.
Аммо гуруҳ жангчилари катта тажрибага эга бўлгани сабаб Россия Мудофаа вазирлиги улардан фойдаланиши кутилганди, чунки русларда шундоғам кадрлар муаммоси анчадан буён кузатилмоқда. Октябр ойида Рамзан Қодиров собиқ вагнерчилар «Ахмат» баталёни билан бирга ҳарбий машғулотларни олиб бораётгани акс этган видеоларни эълон қилганди.
Ўшандаёқ воқеаларни кузатиб бораётганлар вагнерчиларнинг «Ахмат» билан интеграциялашуви ҳақида гапира бошлаганди. Ўтган йил 29 октябр куни Қодиров 170 нафар собиқ вагнерчи «Ахмат» сафига қабул қилинганини айтганди.
Қодиров ва Пригожин ўртасидаги можаро
2023 йил июн ойи бошида, «Вагнер» исёнидан бир ойча аввал гуруҳ етакчиси Евгений Пригожин қурол-яроғ етишмовчилиги ҳақида гапирган одатий видеоларидан бирида «Ахмат» баталёни нима иш билан шуғулланаётганини билмаслигини айтганди.
Кейин Қодировнинг яқин одамлари Делимханов ва Даудов Пригожинга мурожаат қилиб, унинг ўқ-дори етишмовчилигидан нолиши асоссиз эканини айтишди. Сўнг Пригожин ўзини блогерлардек тутаётганини айтиб, эркакчасига гаплашиб олишни таклиф қилишди.
«Женя. Бизга қўйилган вазифалар ҳақида сен билишинг шарт эмас. Бу ҳақда олий бош қўмондон, Чеченистон раҳбари, Россия Қаҳрамони Рамзан Ахматович Қодиров билади. Сен доим кимнидир отиш кераклиги ҳақида гапирасан. Улуғ ватан уруши вақтида бундай чиқишлар учун ўзингни отиб ташлашарди, Женя. Ҳар кунлик бундай чиқишларинг билан нимага эришаётганинги ҳам тушунмайман. Сенга Россия Қаҳрамони унвони беришаётганда одамлар орасида бундай ваҳимали кайфият уйғотасан деб ўйламагандим», деганди Даудов.
Даудов Пригожинга кимнинг ҳисобига шахсий самолёти ва умуман, хусусий ҳарбий компанияси борлигини унутмасликни маслаҳат берган. У Пригожиндан локация ташлашни сўраб, истаган ерида эркакчасига гаплашиб олишни таклиф қилган.
Кейинроқ Қодировнинг яна бир одами, Давлат думаси депутати Адам Делимханов видеомурожаат эълон қилиб, Пригожинни сенлаб гапиради ва юзма-юз гаплашиб олишни таклиф қилади.
Қодировчиларнинг гапига эса кейинчалик Пригожин билан бирга авиаҳалокатда ҳалок бўлган Дмитрий Уткин жавоб қайтаради.
«Бунақа муомала қилиш қаердан чиқди, ким сизларга уни сенлаб, Женя деб мурожаат қилишга рухсат берди? Эркакчасига гаплашишга доим тайёрмиз. Ахир бир-биримизни биринчи ва иккинчи чечен урушидан бери жуда яхши биламиз», дейилади Уткиннинг қодировчиларга жавобида.
Россия бош разведка ташкилотининг захирадаги подполковниги бўлган Уткин чечен урушида иштирок этган. Адам Делимханов эса чечен дала қўмондони Салмон Радуевнинг ҳайдовчиси бўлган ва биринчи чечен урушида Россияга қарши урушда иштирок этган. Иккинчи чечен урушида Россия томонига ўтиб кетган.
Россиядаги икки энг қудратли гуруҳ етакчилари ўртасидаги бу даҳанаки жанглар кейинчалик Қодиров ва Пригожин ўртасидаги телефон суҳбати билан якунланади. Кўп ўтмай Пригожин Ростовдан «адолат марши» бошлаб, Москва томон йўлга чиқади. Лукашенко аралашуви билан исён тўхтатилгач, Пригожин Беларусга йўл олади. 2023 йил 23 август куни эса Пригожин Уткин ва бошқа командирлари билан кетаётганда авиаҳалокатга учраб ҳалок бўлади.
Мавзуга оид
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
15:10 / 12.11.2024
Зарема Мусаевага нисбатан янги жиноий иш очилди
12:27 / 06.11.2024
«Мемориал» Чеченистонда эркаклар оммавий қўлга олинаётганини маълум қилди
18:15 / 02.11.2024