Ўзбекистон | 18:46 / 17.04.2024
7972
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси шакар нархи арзонлашганини маълум қилди

Биржа савдоларига қўйиладиган шакар маҳсулотининг кунлик ҳажми 20 фоизга оширилиб, бошланғич нархи 6 фоизга пасайтирилган.

Фото: Getty Images

Жорий йил 16 апрелдан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган шакар маҳсулотининг кунлик ҳажми 20 фоизга (2 100 тоннадан – 2 500 тоннага) оширилиб, бошланғич нархи 6 фоизга (13 600 сўмдан – 12 860 сўмга) пасайтирилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

«Бугунги кунда (16 апрел) маҳаллий корхоналар томонидан биржа савдоларига жами 2 500 тонна шакар маҳсулоти бошланғич нархи 12 860 сўмдан қўйилиб, 88 фоизи (ёки 2 206 тоннаси) 1 кг учун ўртача 13 039 сўмдан реализация қилинган.

Шу билан бирга, деҳқон бозорлари ва йирик савдо тармоқларида шакар маҳсулотининг чакана нархи аввалги вақтга нисбатан арзонлашган бўлиб, унинг 1 кг учун 13 000 сўмдан сотилиши таъминланмоқда. Рақобат қўмитаси томонидан шакар маҳсулоти нархлари юзасидан доимий мониторинг ўрнатилганлиги ва унинг нархларини барқарор сақлаш бўйича зарур чора–тадбирлар кўрилаётганини маълум қиламиз», дейилади қўмита хабарида.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ички бозорида шакарга бўлган эҳтиёж бир йилда ўртача 600-650 минг тоннани ташкил этиб, маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи корхоналарда эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконияти мавжуд. Хусусан, бугунги кун ҳолатига маҳаллий шакар заводларида 258 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари бор ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган. 

Мавзуга оид