Геосиёсий зиддиятлар: Ўзбекистон позицияси қандай бўлиши керак?
Дунёда янги кўп қутблилик ёки биполяр тизим шакллана бошлаган. Совуқ уруш тугаб, СССР қулагач, халқаро майдонда АҚШ бошчилигидаги бир қутблилик ҳукмрон эди. Лекин бугун Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва “глобал жануб” янги қутбни шакллантиряпти. Бу янги вазият дунё давлатлари учун янги имтиҳонларни, янги геосиёсий вазиятларни ва танловларни тақозо қилади.
Ҳалқаро муносабатларда давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги – муҳим қадрият. Учта давлат ёки миллат мисолида геосиёсий зиддиятларни кўриб чиқиш мумкин. Булар – Украина, Озарбойжон ва Фаластин.
Украина ўзининг ҳудудий яхлитлиги, геосиёсий мустақиллиги ва сиёсий эрки учун курашмоқда. Россия Украинанинг каттагина шарқий ҳудудларини босиб олган.
Озарбойжон 2020-22 йиллардаги ҳарбий операциялар орқали ўзига тегишли Қорабоғ ҳудудларини қайтариб олишга муваффақ бўлди. Озарбойжоннинг бу ғалабаси – туркий дунёнинг, мусулмон дунёсининг муҳим ютуғи сифатида қабул қилинди.
Фаластин давлати ҳалига қадар йўқ. Лекин Фаластин халқи ўз давлатчилиги, ҳудудлари учун курашда давом этмоқда. 1947 йилда ташкил топган Исроил йиллар давомида Фаластин ҳудудларини босиб олишда, фаластинликларга жабр-зулм қилишда давом этмоқда.
Зиддият нимада? Россия – Украинада агрессор, лекин Яқин Шарқда мазлум Фаластин ва фаластинликлар тарафида. Чунки Исроилнинг асосий ҳомийси – Россиянинг оппоненти бўлмиш АҚШ.
Украина ўзининг ҳудудий яхлитлиги учун курашар экан, бир вақтнинг ўзида Яқин Шарқда агрессор Исроилни қўллайди. Чунки Украина коллектив ғарбга ёқиш учун ҳудудий яхлитлик қадриятига эмас, геосиёсий чизиқларга кўпроқ эътибор беради.
Озарбойжон-чи? Расмий Боку туркий ва мусулмон давлатлари орасида Исроилга энг дўстона муносабатдаги давлат ҳисобланади. Исроил Қорабоғнинг қайтариб олинишида Озарбойжонга сезиларли маънавий ва ҳарбий ёрдам берди. Шунинг учун Озарбойжон Фаластиннинг ҳудудий яхлитлигини эмас, ўзининг ҳудудий яхлитлиги учун Исроилдан миннатдор.
Озарбойжоннинг энг яқин ҳамкори – Туркия. Бугунги Туркия Исроилни ёқтирмайди. Лекин Исроил билан ҳамкорлик қилаётган Озарбойжонни танқид ҳам қилмайди. Яъни бу ўринда геосиёсий синиқлик бор. Мантиқий бирлик йўқ. Яъни, “майли, Озарбойжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги учун, Исроил билан яқинлашса, бунга чидаймиз” дегандек.
Озарбойжондан бошқа барча туркий давлатлар, кўпроқ Фаластин тарафда. Лекин Исроилга қарши жиддий қадамлар ташлай олмайди. Сабаби маълум – Исроилнинг ҳомийси АҚШ ва ғарб давлатлари билан ҳеч ким тўқнашишни истамайди. Чунки постсовет ҳудуди учун геосиёсий мувозанат муҳим. Ҳеч ким Исроил ва ғарбни танқид қилиб, Россиянинг таъсир доирасига янада кўпроқ ютилишни истамайди.
Кўриниб турибдики, битта ҳудудий яхлитлик масаласида давлатларнинг қарашлари, қадамлари турфа. Хўш, мана фонда, Ўзбекистон халқи ва давлатчилиги ўзининг геосиёсий ориентирларини қандай аниқлаши мумкин? Нима муҳим – геосиёсий чизиқларми ёки қадриятлар?
Геосиёсий, ташқи сиёсий позиция ишлаб чиқиш – ҳар қандай давлат учун жиддий, баъзан ўта оғир масала. Лекин халқ, жамият, давлатнинг қарашлари аниқ-тиниқ бўлиши керак. Реал воқелик ва келажакни моделлаштириш – миллатнинг умрини, ҳаётийлигини белгилаб беради. Шунинг учун ҳам мавҳумлик, мажҳуллик, нейтраллик – доим иш беравермайди.
Ўзбекистон жамиятининг фундаментал ўзликлари аниқ. Биз туркий ва мусулмон дунёсининг муҳим қисмимиз. Биз, ўзимизнинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигимизни бошқа туркий ва мусулмон халқларининг стратегик манфаатлари билан ҳамоҳанг, зиддиятларсиз тартибга солишимиз керак. Ва тизимга солинган ушбу позицияларни, Ўзбекистон халқининг узоқ муддатли манфаатларини баралла ёрита олишимиз, ҳимоя қила олишимиз керак.
Дунёда геосиёсий зиддиятлар кўпаяди, кучаяди, ўткирлашади. Мана шу фонда, давлат ва жамият бирлиги, жипслиги, ва айни пайтда жамият эрки ва давлатнинг ҳуқуқийлиги ҳал қилувчи омил бўлади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
20:54 / 11.11.2024