Ўзбекистон | 12:12 / 05.12.2025
1288
2 дақиқада ўқилади

Венада “Марказий Осиё – Шимолий Европа” форматидаги биринчи учрашув ўтказилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Австриянинг Вена шаҳрида “Марказий Осиё – Шимолий Европа” янги форматининг биринчи учрашувида иштирок этди.

Фото: Бахтиёр Саидов / Telegram

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида ушбу учрашув ҳақида фикр билдириб, янги форматнинг аҳамиятини қайд этди.

– “Марказий Осиё – Шимолий Европа” янги форматидаги илк учрашувни ўтказишдан мамнунмиз. Ушбу мулоқот жорий йил Самарқандда бўлиб ўтган ва ҳамкорлигимизни стратегик шериклик даражасига кўтарган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити натижаларининг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди, – деди Бахтиёр Саидов.

Унинг таъкидлашича, ҳар икки минтақанинг – Марказий Осиё ва Шимолий Европанинг – ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун улкан, ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳият мавжуд.

– Ҳамкорлигимизни кенгайтириш ва уни аниқ, истиқболга йўналтирилган ташаббуслар билан бойитиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз, – дея қўшимча қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Учрашувда Шимолий Европа мамлакатлари – Исландия, Дания, Норвегия, Швеция ва Финландия ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Томонлар сиёсий мулоқотни янада фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, барқарор ривожланиш, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, инсон капиталини ривожлантириш ва минтақавий хавфсизлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Мулоқот янги форматдаги ҳамкорликни институционаллаштириш ва келгуси босқичда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим сиёсий майдон сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид