Жаҳон | 21:09 / 04.12.2025
3058
2 дақиқада ўқилади

Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади

Япония ҳукумати саммитни 19-20 декабр кунлари ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи / Фото: Getty images

Япония ҳукумати 2025 йил 19-20 декабр кунлари Токиода бўлиб ўтадиган Марказий Осиёнинг бешта давлати билан саммитни ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Nippon хабар берди.

Шунингдек, Япония бош вазири Санаэ Такаичи ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ўртасида икки томонлама учрашувлар ўтказиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Бундай саммитни ўтказиш ғоясини ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) вице-раиси Таро Асо эълон қилди. ЛДП Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстликни мустаҳкамлаш бўйича парламент гуруҳи йиғилишида у сўнгги 6 ой ичида Россия, Хитой ва АҚШ Марказий Осиё билан бундай саммитларни ўтказганини таъкидлади. Шунинг учун, унинг сўзларига кўра, Япония учун «шунга ўхшаш саммитларни муваффақиятли ўтказиш» жуда муҳим.

Япония ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги биринчи саммит 2024 йил август ойида Қозоғистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ, учрашув бекор қилинди. Япониянинг собиқ бош вазири Фумио Кисида бошчилигидаги Япония ҳукумати мамлакат соҳилида кучли зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фавқулодда огоҳлантиришдан сўнг, саммитни ўтказмасликка қарор қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид