Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Сенати TikTok’ни тақиқлаш ёки сотиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади
АҚШ Конгрессининг юқори палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси TikTok’нинг хитойлик эгасига ижтимоий тармоқни бошқа мулкдорга ўтказиш мажбуриятини юклайди.
АҚШ Сенати 23 апрел, сешанба куни TikTok ижтимоий тармоғи эгаси – Хитойнинг ByteDance концернига уни бошқа мулкдорга ўтказиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Хитой томонига TikTok’ни ХХР юрисдикциясига кирмайдиган компанияга сотиш таклиф қилинмоқда. Агар бу бир йил ичида амалга ошмаса, илова Қўшма Штатларда тақиқланиши мумкин. Икки кун олдин ушбу лойиҳа АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси томонидан маъқулланган эди.
TikTok’нинг эҳтимолий тақиқланиши Қўшма Штатлар миллий хавфсизлигига таҳдид билан боғлиқ. АҚШдаги танқидчилар ижтимоий тармоқни Хитой ҳукуматига яқинликда ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланганликда айбламоқда. TikTok раҳбарияти барча айбловларни рад этади. АҚШда ижтимоий тармоқдан 170 миллион киши фойдаланади, бу мамлакат аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилади.
АҚШ Сенати разведка қўмитаси раҳбари Марк Уорнернинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқ мамлакатда фақат АҚШ, Британия, Канада, Бразилия ёки Франция вакиллари бўлиши мумкин бўлган янги эгалари назорати остида ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.
Президент Жо Байден аллақачон янги қонунни имзолашга тайёрлигини маълум қилган. TikTok эгалари қонунга суд орқали эътироз билдирмоқчи. Улар АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатиш бузилиши устидан шикоят қилиб, агар TikTok тақиқланадиган бўлса, америкаликлар ўз фикрини эркин ифодалаш учун платформага кириш ҳуқуқидан маҳрум этилишини таъкидлади.