Жаҳон | 14:06 / 24.04.2024
7017
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг бир қанча ҳудудларига дронлар ҳужум қилди

Смоленск, Липецк ва Воронеж вилоятлари расмийлари Украина учувчисиз учоқларининг тунги ҳужумлари ҳақида хабар берди. Смоленск вилоятида дрон зарбаларидан кейин ёнғинлар бошланди.

Фото: itlevenko/Pond5/IMAGO

Россиянинг қатор вилоятлари расмийлари 24 апрел, чоршанбага ўтар кечаси Украина дронларининг ҳужумлари ҳақида хабар берди. Смоленск вилояти губернатори Василий Анохиннинг сўзларига кўра, бир қатор ёнилғи-энергетика объектлари ҳудудида учувчисиз учоқлар зарбаларидан кейин ёнғинлар бошланган. «Душманнинг фуқаролик ёнилғи-энергетика объектларига ҳужуми натижасида Смоленский ва Ярцево туманларида ёнғин содир бўлди», — деб ёзди губернатор Telegram-каналда.

Astra Telegram-канали маҳаллий аҳолининг сўзларига таяниб, Ярцево туманидаги Смоленск нефтни қайта ишлаш заводи ёнаётгани ҳақида хабар берди. Умуман олганда, ҳудуд аҳолиси нефтни қайта ишлаш заводи яқинида тўрт-бешта портлаш овозини эшитган, деб ёзади Astra. 

Липецк губернатори Игор Артамоновнинг маълум қилишича, битта УУА Липецк саноат зонасида қулаган. Артамоновнинг сўзларига кўра, «объект ҳужумга учради, турар жой ҳудудига ҳужум хавфи йўқ», шунинг учун шаҳарда сиреналар ёқилмаган. 

Шу билан бирга, Uniannet Telegram-каналининг хабар беришича, Липецкда УУА ҳарбий техника учун шассилар ишлаб чиқарадиган трактор заводига ҳам ҳужум қилган. 

Воронеж расмийлари 24 соат ичида тўртта дрон ҳужуми содир этилганини маълум қилди. Губернатор Александр Гусев 23 апрел куни кечга яқин минтақада радиоэлектрон уруш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан реактив типдаги учувчисиз учоқ уриб туширилганини билдирди. Тахминан бир ярим соат ўтгач, у самолёт типидаги УУА йўқ қилинганини айтиб ўтди. Воронеждаги шахсий уйлардан бирига дрон қолдиқлари тушган. Тахминан 1 квадрат метр майдонга эга чуқурлик ҳосил бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. 

Кейинроқ губернатор Воронежга яқинлашганда яна иккита дрон йўқ қилинганини айтиб ўтди.

Мавзуга оид