Жаҳон | 08:28 / 13.05.2026
2093
3 дақиқада ўқилади

Оренбургдаги газ саноати объектлари дрон ҳужумига учради

Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, Украина Қуролли кучлари Россиянинг Оренбург вилоятидаги газ саноати объектларига ҳужум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу Украина ҳудудига Россия томонидан амалга оширилаётган зарбаларга жавоб тариқасида қилинган.

Фото: Alexander Manzyuk/REUTERS

Зеленский 12 май куни кечқурунги видео мурожаатида буни “Россиянинг Украинага қилган ҳужумлари учун узоқ масофали санкциялар” деб атади.

“Жумладан, Оренбург вилоятида — Украинадан бир ярим минг километрдан ортиқ масофада жойлашган Россия газ саноати объектлари нишонга олинди”, — деди у.

Бироқ у қайси аниқ газ объектлари ҳужумга учраганини айтмади.

Зеленский таъкидлашича, Украина аввал ҳам Россия ҳаракатларига “бир хил жавоб” қайтаришини билдирган.

“Биз ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган эдик. Афсуски, уч кунлик нисбий тинчликдан кейин яна ‘шаҳед’ дронлари ҳужумлари, яна авиабомбалар бошланди. Фронтдаги фаоллик ҳамон юқори. Шунинг учун биз жавоб қайтармоқдамиз”, — деди Украина раҳбари.

У шунингдек, Киев музокаралар орқали тинчликка эришиш учун ҳаракатларни давом эттираётганини айтди.

12 май эрталаб ОАВда Оренбург вилоятидаги объектлар ҳамда Chelyabinsk Zinc Plant — Россиядаги энг йирик рух ва қотишма ишлаб чиқарувчилардан бирига зарбалар берилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Оренбург вилояти губернатори Евгений Солнцев Telegram орқали ҳаво мудофаа воситалари ёрдамида 9 та дрон ҳужуми қайтарилганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Оренбург шаҳрида уриб туширилган дрон бўлаклари туфайли турар жой биноси, шунингдек мактаб ва болалар боғчасига зарар етган, айрим ойналар синган. Жабрланганлар йўқ.

Бироқ губернатор газ объектларига берилган зарбалар ҳақида ҳеч нарса демаган.

Россиянинг Оренбург вилояти Украинадан тахминан 1500 км масофада жойлашган. Оренбург яқинидаги Холодные Ключи шаҳрида "Газпром" компаниясига тегишли Оренбург газни қайта ишлаш заводи мавжуд.

Украина бу заводга 2025 йил октябрь ойида ҳам ҳужум қилган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, мазкур корхона йилига 37,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, дунёдаги энг йирик газ-кимё комплексларидан бири ҳисобланади.

Бундан аввал Германиянинг НАТОдаги Украина миссияси раҳбари Алена Гетманчук Welt немис нашрига берган интервьюсида Киев НАТОнинг душман ҳудуди ичкарисига аниқ зарба бериш имкониятларини кучайтиришга тайёр эканини айтган.

Унинг таъкидлашича, Германия каби НАТО давлатлари сўров билдирса, Украина ўзининг самарали қуроллари — узоқ масофали ракеталар ва дронларини таклиф қилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид