Жаҳон | 08:50 / 25.04.2024
1415
5 дақиқада ўқилади

Германияда евродепутатга қарши дастлабки тергов ўтказилмоқда

«Германия учун муқобил» ўнг қанот популист партиясидан сиёсатчи Максимилиан Кра Россия ва Хитойдан тўловлар олганликда гумон қилинмоқда.

Фото: Andreas Arnold/dpa/picture alliance

Дрезден прокуратураси Россия ва Хитойдан пул олганликда гумон қилинаётган ўнг қанот популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси сиёсатчиси Максимилиан Крага қарши дастлабки тергов бошлади. 24 апрел, чоршанба куни прокуратура вакили Reuters ва AFP сўровларига жавобан Европарламент аъзосига қарши иш 18 апрел куни ОАВнинг сўнгги хабарлари асосида очилганини билдирди.

Бундан ташқари, Дрезден прокуратураси Европарламент депутати Максимилиан Крага нисбатан унинг депутат сифатидаги фаолияти учун Хитойдан тўловлар олгани бўйича иккинчи дастлабки терговни олиб бормоқда, дея қўшимча қилди у. 

Жараёнлар Кранинг ходимига қарши тергов билан боғлиқ эмас 

Шу билан бирга, Дрезденда таъкидланишича, айни пайтда депутатнинг қонунни бузувчи хатти-ҳаракатлари ҳақидаги гумонлар асосли ёки асосли эмаслигини текшириш учун иккита дастлабки тергов олиб борилмоқда. Бу тартиб-қоидалар Германия Федерал прокуратураси томонидан Хитой разведка хизматларида ишлаганликда гумон қилинган Кранинг ходими - Германия фуқароси Цзян Г.га нисбатан олиб борилаётган тергов билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, дея қўшимча қилди прокуратура вакили. 

Максимилиан Кра Европарламентга бўлажак сайловларда ГуМ партиясининг асосий номзоди ҳисобланади. 24 апрел куни у партия раҳбариятига ҳали ҳам ушбу рўйхатни бошқармоқчи эканлигини маълум қилди. 

Европарламентда Хитойга жосуслик қилиш бўйича гумонлар атрофидаги жанжал 

Кранинг ёрдамчиси Цзян Г. 22 апрел куни Дрезденда жиноят ишлари бўйича бошқарма ходимлари томонидан қўлга олинди. Унинг уйида тинтув ўтказилди. Германия бош прокурори у «Хитой разведка хизмати ходими» эканлигини ва 2024 йил январ ойида «Европа парламентидаги музокаралар ва қарорлар ҳақидаги маълумотни разведка хизматидан бўлган буюртмачига» узатганини айтди. Европарламентдан расмий маълумотларни топширишдан ташқари, у разведка хизматининг кўрсатмаси билан Германиядаги хитойлик мухолифатчиларни кузатиш билан шуғулланган. 24 апрел куни Цзян Г. ҳибсга олинди. 

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳибсга олинган Цзян Г. Европарламентдан маълумотни хорижий разведка хизматига узатган. Максимилиан Кранинг ўзи Халқаро савдо қўмитаси, шунингдек, Европа Иттифоқи парламентининг инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва мудофаа бўйича қуйи қўмиталарининг аъзоси ва АҚШ билан алоқалар бўйича делегация таркибига киради. У 2019 йилдан буён бирга ишлаган ходими ҳибсга олингани ҳақида ОАВдан билганини айтди. У қўшимча маълумотга эга эмаслигини билдирди. «Хорижий давлат фойдасига жосуслик қилиш жиддий айбловдир», деди Кра Цзян Г.ни дарҳол ишдан бўшатганини қўшимча қилиб.

Евродепутат Крага нисбатан шубҳалар 

Айни пайтда, Кранинг ўзи АҚШда Россия Федерациясидан пул олганликда гумон қилинмоқда. 2023 йил декабр ойида Ню-Йоркка ташрифи чоғида у Америка махсус хизмати ФТБ томонидан «Кремлга яқин манбалардан шубҳали тўловлар» олиши мумкинлиги ҳақида сўроққа тутилган, деб ёзади Der Spiegel ҳафталик нашри. Мақолада «ўнг қанот экстремист» деб аталган сиёсатчи таҳририят сўровига жавобан АҚШда сўроқ қилингани фактини тасдиқлади. 

Америка махсус хизматлари чатдаги хабарни қўлга киритган, унда россияпараст фаол Олег Волошин Крага унинг «техник топшириқлари» учун «компенсация» муаммоси ҳал қилингани ва май ойидан бошлаб «ҳамма нарса аввалгидек бўлиши» ҳақида ёзган. «Бу ибора Кра узоқ вақт давомида яширин равишда тўловларни олган бўлиши мумкинлигини кўрсатади», деб таъкидлайди журналистлар. 

Der Spiegel нашрига кўра, немис сиёсатчиси Кра нафақат Олег Волошин билан, балки Чехия расмийларига кўра, Кремлнинг қуроли бўлган Voice of Europe онлайн-платформаси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бу, шу жумладан, июн ойида бўлиб ўтадиган сайловларда Европа парламентига Москвага маъқул келган номзодларни молиялаштириш учун қилинаётгани айтилади. 
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид