Ўзбекистон | 10:11 / 29.04.2024
4837
2 дақиқада ўқилади

Нукусда Оролбўйи эзгу ният элчилари йиғилди

Қозоғистоннинг оммабоп "Инфозакон" электрон нашри "Нукусда "Оролбўйи эзгу ният элчилари" йиғилди" сарлавҳали мақолани тарқатди.

Орол денгизи, Кемалар қабристони Фото: Kun.uz

"Дунё" хабарига кўра, унда Нукус шаҳрида минтақанинг экологик муаммоларини ҳал этишга бағишланган "Оролбўйи яхши ният элчилари" халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтгани таъкидланган.

"Конференция давомида иштирокчилар Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар, Орол денгизи тубини ўрмонлаштиришнинг ўрни ва аҳамияти, Амударёнинг қуйи оқимидаги сув муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари, Оролбўйининг муҳофаза этиладиган ҳудудларида барқарор туризмни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа мавзулардаги маърузалар билан танишди", — дейилади мақолада.

Электрон нашр 2018–2023 йилларда Орол денгизи тубида 1 миллион 730 минг гектар ҳудудда ўрмон плантациялари ташкил этилиб, 17 минг квадрат километр майдон кўкаламзорлаштирилганини маълум қилган. 2024 йилда эса жами 150-200 минг гектар майдонда ўрмонлар барпо этиш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланганини қайд этилган.

"Бугунги кунда атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва табиий ресурслардан самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ глобал муаммолар барқарор ривожланишга эътибор қаратиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги форматдаги мутахассислар ва экспертларни тайёрлаш, шунингдек, муаммоларни ҳал қилишда инновацион ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда. 

"Оролбўйи эзгу ният элчилари" халқаро илмий-амалий конференцияси эса айнан Оролбўйи минтақасидаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бошқариш ва барқарор ривожланиш соҳасида миллий, минтақавий ва халқаро инновацион тизимларни қўллаб-қувватлаш учун янги билимларни татбиқ этиш ва фанлараро тадқиқотларни амалга оширишга хизмат қилади", — дея Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков фикрларидан иқтибос келтирган "Инфозакон".

Мавзуга оид