Жаҳон | 10:32 / 02.05.2024
1994
3 дақиқада ўқилади

Аргентина депутатлар палатаси Милейнинг ислоҳотлар пакетини қўллаб-қувватлади

Норозиликларга қарамай, Аргентина президенти Хавер Милейнинг кенг қамровли ислоҳотлар пакети парламентдаги биринчи тўсиқни бартараф этди. Уни қабул қилиш учун Сенат ҳам маъқуллаши керак.

Фото: Naracha Pisarenko/AP Photo/picture alliance

Аргентина депутатлар палатаси мамлакат президенти Хавер Милей томонидан таклиф этилган, кенг қамровли тежамкорлик чораларини назарда тутувчи мунозарали ислоҳотлар пакетини қўллаб-қувватлади. 30 апрел куни Аргентина парламенти қуйи палатаси аъзолари ушбу қонунчилик пакетининг барча моддаларини, жумладан, кенг кўламли хусусийлаштириш ва ижтимоий нафақаларни қисқартиришни маъқуллади. 

Ислоҳотларнинг қисқартирилган пакети 

Шу тариқа, ултра-либерал Аргентина президентининг ислоҳотлар пакети парламентдаги муҳим тўсиқни енгиб ўтди. Тўрт ойлик ҳокимиятда бу Милейнинг депутатлар палатасидаги биринчи муваффақияти. Унинг илгари таклиф қилган 644 моддадан иборат тўплами парламентда мағлубиятга учради. Ҳукумат навбатдаги муваффақиятсизликка йўл қўймаслик учун энди 267 моддани ўз ичига олган ислоҳотлар пакетини сезиларли даражада қисқартирди. 

Мунозаралар ва овоз бериш чоғида парламент олдида касаба уюшмалари томонидан уюштирилган оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Овоз беришдан кейин Хавер Милей натижаларни олқишлади. «Бу Аргентинани ботқоқликдан олиб чиқиш учун биринчи қадамдир», деб ёзган у ижтимоий тармоқда. Якуний қабул қилиш учун юқори палата, Сенат маъқуллаши керак. 

Милейнинг ислоҳот режалари

2023 йил декабр ойида лавозимга киришгандан сўнг, Либертарлар партияси раҳбари Хавер Милей Аргентина иқтисодиётини қайта тиклашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни эълон қилди. У Аргентина песосини 50 фоизга девалвация қилиш, меҳнат қонунчилигини заифлаштириш, энергия, сув ва транспорт учун субсидияларни қисқартириш ва инфратузилма лойиҳаларини тўхтатиш режаларини эълон қилди. Бошқа нарсалар қаторида, қонунчилик пакети ҳукуматга давлат компанияларини, шу жумладан Aerolineas Argentinas авиакомпаниясини хусусийлаштириш ҳуқуқини беради. 

Давлат раҳбари ислоҳотларнинг долзарблигини таъкидлаб, амалдаги қоидалар иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. Милей ҳукуматнинг фуқаролар ҳаётига минимал аралашуви ғоясини қўллаб-қувватлайди. Президент режалари мухолифат томонидан танқид қилинмоқда ва уларнинг амалга оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид