Жаҳон | 00:46 / 03.05.2024
6245
3 дақиқада ўқилади

Туркия Исроил билан савдо муносабатларини тўхтатди – ОАВ

Туркия бу қарорни расман эълон қилмади, аммо Исроил Ташқи ишлар вазирлиги буни тасдиқлади.

Туркия Исроил билан барча савдо-сотиқ муносабатларини тўхтатди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор туркиялик расмийларга таяниб Bloomberg нашри ёзди.

Туркия бу қарорни расман эълон қилмади, аммо Исроил Ташқи ишлар вазирлиги нашрга бу маълумотни тасдиқлаган.

Жумладан, департамент раҳбари Исраэл Кац Туркия президенти Ражаб Эрдўғанни савдо келишувларини бузганликда айблади.

«Турк халқи ва ишбилармонлари манфаатларини менсимай, халқаро савдо келишувларини эътиборсиз қолдирадиган диктатор ўзини айнан шундай тутади», деб ёзди вазир ижтимоий тармоқда.

Шунингдек, у Исроил ҳукумати маҳаллий ишлаб чиқариш ва бошқа мамлакатлардан импортга алоҳида эътибор қаратиб, Туркия билан савдога муқобил йўлларни топиш устида зудлик билан иш бошлашини қўшимча қилди.

Туркия статистика институтига кўра, Туркия ва Исроил ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 6,8 миллиард долларни ташкил қилди. Бу миқдорнинг қарийб 76 фоизи Туркия экспортига тўғри келади. Агентликнинг қайд этишича, Туркия Исроилга асосан темир ва пўлат етказиб беради.

Апрел ойида Туркия Исроилга 54 тоифадаги товарлар, жумладан, пўлат ва алюминий маҳсулотларига экспорт чеклови жорий қилган эди. Шундан сўнг, Туркия Савдо вазирлиги чекловлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва минтақага инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз келиши таъминланмагунча кучда қолишини маълум қилди. Кейинчалик Исроил жавоб чекловларини киритишга ваъда берди ва ўз иттифоқчиларидан, жумладан Қўшма Штатлардан Туркияга қарши санкциялар қўллашни сўради.

Ой охирида Эрдўған Туркия Исроил билан савдо алоқаларини энди ривожлантирмаслигини маълум қилди. Туркия президенти, шунингдек, Исроил ҳукуматини Ғазо секторида минглаб фаластинликларнинг ўлимида айблади. Орадан кўп ўтмай, Туркия ҳукумати Жанубий Африканинг Исроилга қарши Халқаро суддаги даъвосига қўшилиш ниятида эканини эълон қилди. Жанубий Африка 2023 йил декабр ойи охирида Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга қарши «геноцид»да айблаб, Халқаро судга даъво киритган.

Мавзуга оид