Жаҳон | 18:36 / 04.05.2024
9249
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ Украинанинг амалдаги ва собиқ президентини қидирувга берди

Уларнинг қайси жиноятларда гумон қилинаётгани маълум эмас.

Фото: AFP/Getty Images

Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Украина президенти Володимир Зеленскийни қидирувга берилганлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Қайд қилинишича, Зеленский 2024 йил февралида қидирувга берилган, унинг қайси жиноят иши бўйича қидирилаётгани айтилмаган.

Шу билан бирга, Украинанинг собиқ президенти Петро Порошенко ҳам қидирувга берилган.

2023 йил декабрида Россия ИИВ Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановни қидирувга берган эди.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси Украинанинг тўрт нафар ҳарбий раҳбарини, жумладан, Кирилл Будановни ҳам террорчилик ҳаракатлари содир этганликда сиртдан айбланган эди. Тергов қўмитаси уларни рус нишонларига учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилишда иштирок этган деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Буданов Россияда террорчилик жамиятини яратиш, бир гуруҳ шахслар томонидан теракт содир этиш, қурол ва портловчи моддаларни сақлашда айбланган. Ушбу айбловлар бўйича Буданов 2023 йил апрел ойида сиртдан ҳибсга олинган.

Мавзуга оид