Ўзбекистон | 17:34 / 17.05.2024
33254
3 дақиқада ўқилади

“Бохо завхоз” лақаби билан танилган Баҳодир Султонов 10 йилга қамалди

Баҳодир Султонов ҳамда у билан бир иш доирасида қамоққа олинган Навоийдаги автосалон директори Ниёз Ибодовга суд ҳукми ўқилди. Улар ўтган йил декабр ойида ўтказилган рейд чоғида қўлга олинганди.

“Бохо завхоз” ва “Терминатор” лақаблари билан танилган Баҳодир Султонов ҳамда у билан бир иш доирасида қамоққа олинган Навоийдаги автосалон директори Ниёз Ибодовга 16 май куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Манбага кўра, Баҳодир Султонов ҳамда Ниёз Ибодов Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда товламачилик) содир этганликда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан Баҳодир Султоновга 10 йил, Ниёз Ибодовга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, суд ҳукми билан Баҳодир Султонов ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Улар нима қилишганди?

70 ёшли Ниёз Ибодов Навоий шаҳридаги “Навоий-автосавдо” МЧЖ директори ҳисобланади. Очиқ манбаларга кўра, у МЧЖда 61,20 фоиз улушга эгалик қилган. МЧЖнинг 32,70 фоиз улуши эса унинг жияни Сардор Ғаффоровга тегишли бўлган.

Ниёз Ибодовга жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2023 йил 18 декабрдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Суд ажримига кўра, Ниёз Ибодов ўзининг жияни бўлган Сардор Ғаффоровни “Навоий-автосавдо” МЧЖдаги улушидан воз кечдириш бўйича Баҳодир Султоновга мурожаат қилган. Баҳодир Султонов, Ниёз Ибодов ва бошқа номаълум шахслар 2023 йилнинг июн ойи бошларида бир гуруҳга бирлашиб, ишни “ҳал қилиш” учун олдиндан жиноий тил бириктирган.

Гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган офисга Сардор Ғаффоровни чақириб, ундан автосалондаги улушини 200 минг АҚШ доллари эвазига Ниёз Ибодов номига ўтказиб бериш ҳақида дўқ-пўписа қилиб, агар улушни ўтказиб бермаса, жисмонан йўқ қилиб юборишни айтишган.

Эслатиб ўтамиз, Ниёз Ибодов Тошкент шаҳрида ўтказилган “Долзарб қирқ кунлик” тезкор-профилактик тадбирлар вақтида қўлга олинганди

Аввалроқ Тошкентда «Зики эски шаҳар» лақаби билан танилган, декабр ойида ўтказилган рейд чоғида қўлга олинган Лутфулла Умаров 6 йил-у 2 ойга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид