Тошкентда “Долзарб қирқ кунлик”да қўлга олинганлардан бири автосалон директори экани маълум бўлди
Ушбу шахс ўз жиянини ўлдириш орқали қўрқитиб, унинг автосалондаги 20 млрд сўмлик улушини 200 минг доллар эвазига тортиб олмоқчи бўлгани айтилмоқда.
Тошкент шаҳрида тезкор-профилактик тадбирларнинг “Долзарб қирқ кунлиги” доирасида ушланганлардан бири – 1954 йилда туғилган Ниёз Ибодов Навоий шаҳридаги “Навоий-автосавдо” МЧЖ директори экани маълум бўлди. Очиқ манбаларга кўра, у МЧЖда 61,20 фоиз улушга эгалик қилган. МЧЖнинг 32,70 фоиз улуши эса Сардор Ғаффоровга тегишли бўлган.
Ижтимоий тармоқда “UzAuto motors”нинг “Навоий-автосавдо” МЧЖга йўллаган хати тарқалди. Унда ёзилишича, Ниёз Ибодовга жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2023 йил 18 декабрдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Суд ажримига кўра, Ниёз Ибодов ўзининг жияни бўлган Сардор Ғаффоровни “Навоий-автосавдо” МЧЖдаги улушидан воз кечдириш бўйича Б.Султоновга мурожаат қилган. Б.Султонов, Ниёз Ибодов ва бошқа номаълум шахслар 2023 йилнинг июн ойи бошларида бир гуруҳга бирлашиб, ишни “ҳал қилиш” учун олдиндан жиноий тил бириктирган.
Гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган офисга Сардор Ғаффоровни чақириб, ундан автосалондаги 20 млрд сўмга тенг улушини 200 минг АҚШ доллари эвазига Ниёз Ибодов номига ўтказиб бериш ҳақида дўқ-пўписа қилиб, агар улушни ўтказиб бермаса, жисмонан йўқ қилиб юборишни айтишган.
Н.Ибодов яқинларининг Kun.uz’га маълум қилишича, “С.Ғаффоров “Навоий-автосавдо” МЧЖ устав фондида Н.Ибодовнинг турмуш ўртоғи М.Норқуловага тегишли бўлган 32,70 фоиз улушни сохта баённома билан ўз номига ўтказиб олган”лиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Аммо С.Ғаффоровнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли иш тугатилган.
Н.Ибодов яқинларининг қўшимча қилишича, “Навоий-автосавдо” МЧЖнинг устав фонди 66 млн 164 минг сўмни ташкил қилади. Бундан кўринадики, “UzAuto motors”нинг хатидаги сумма билан МЧЖ уставидаги сумма ўртасида фарқ бор.
“UzAuto motors”нинг хатидан сўнг “Навоий-автосавдо” МЧЖ фаолияти вақтинча тўхтатилган ҳамда ходимлари иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқарилган.
Ниёз Ибодов Тошкент шаҳрида ўтказилган “Долзарб қирқ кунлик” тезкор-профилактик тадбирлар вақтида қўлга олинганди. У Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисмида (жуда кўп миқдорда товламачилик) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.
Мавзуга оид
11:34 / 09.12.2024
“Озодликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди” — афв этилганлар ҳикояси
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024