Ўзбекистон | 22:46 / 20.05.2024
21379
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ушланган яна бир жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилди

Талончилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, безорилик, совуқ қурол билан таҳдид қилиш каби жиноятларни содир қилган шахслар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. 

Фото: Тошкент шаҳри ИИББ

Тошкент шаҳри ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ушланган яна бир жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилди. 

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 15 апрел кунидаги ҳукмига билан 1987 йилда туғилган Мухамеджанов Азлархон Ботирович Жиноят Кодексининг 166-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўравонлик қўллаш ёки шундай зўравонлик қўллаш таҳдиди билан содир этилган талончилик) 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбли деб топилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 6 май кунидаги ҳукмига кўра, 1993 йилда туғилган Холмурадов Суннатулла Чариевич Жиноят Кодексининг 104-моддаси (безорилик ниятида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” банди билан айбли деб топилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 8 май кунидаги ҳукмига кўра, 1993 йилда туғилган Ўринов Умиджон Бахтиёр ўғли Жиноят Кодексининг 277-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб содир этилган безорилик) 2-қисми “б”, “в” бандлари, 223-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан олдиндан тил бириктириб чет элга ноқонуний чиқиш ёки Ўзбекистонга ноқонуний кириш) 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбли деб топилиб, 6 йил 11 бир ой 28 кун муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид