Жаҳон | 12:13 / 22.05.2024
7176
2 дақиқада ўқилади

Исроил: Ғазо секторидаги туннелларда гаровга олинганларнинг жасади топилди

Исроил аскарлари ўтган ҳафта Германия ва Исроил фуқаролари Шани Лук ва яна уч нафар гаровга олинганларнинг жасадларини топди. Энди бу жасадлар топилган операция тафсилотлари маълум бўлди.

Фото: Mahmoud Issa/Keystone Press Agency/Global Look Press

Ўтган ҳафта Ғазо секторида топилган Германия ва Исроил фуқароси Шани Лук ва яна уч нафар гаровга олинганнинг жасади Фаластин минтақаси шимолий қисмидаги Жебалия шаҳри остидаги туннеллардан топилди. Исроил аскарлари ҳарбий амалиёт чоғида туннел шахтаси борлиги маълум бўлган шубҳали бинони тинтув қилди, деб хабар берди Исроил армияси 20 май, душанба куни кечқурун.

Кечаси амалга оширилган операция давомида аскарлар туннелга тушиб, жангга киришган. Жанг пайтида улар гаровга олинганларнинг жасадларини топиб, уларни ер юзасига олиб чиқдилар.

Ўтган ҳафта Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида Шани Лук, Рон Бенямин, Ицхак Гелерентер ва Амит Бускила жасадлари топилганини маълум қилган эди. Улар 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга қилган ҳужумида ҳалок бўлган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35 ярим мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид