Марказий Осиё давлатларининг 2024 йилги Ҳаж квоталари маълум бўлди
Ўзбекистонга 15 мингта квота ажратилган. Тожикистондан 7 минг, Қирғизистондан 6 минг, Қозоғистондан 5 минг зиёратчи бу йил Ҳажга боради. Туркманистон бўйича бу йилги квота маълум эмас, ўтган йили бу мамлакатнинг 2300 дан ортиқ фуқароси ҳожи бориб қайтган.
Саудия Арабистони 2024 йилги Ҳаж мавсуми учун Ўзбекистонга 15 мингта квота ажратди. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта кўрсаткич ҳисобланади.
Бу борада кейинги ўринни Тожикистон эгаллаб турибди. Унинг квотаси тахминан 7 минг ўринни ташкил қилади. Сафар нархи ҳозирча эълон қилинмаган, бироқ ўтган йили Ҳаж нархи бир киши учун 59 минг сомонийга (тахминан 5440 доллар) етган эди.
Қирғизистон 6 минг 60 нафар кишини Ҳажга юбориш ҳуқуқини олди. Бироқ, расмийлар яна 500 та захира ўрин тайёрлаган. ОАВ маълумотларига кўра, зиёратгоҳларга сафар қилиш учун ариза топширганларнинг барчаси аллақачон 2 минг доллар ва қайтариб берилмайдиган 1000 қирғиз сўми (11 доллар) миқдоридаги дастлабки тўловни амалга оширган. Бу йил қирғизистонликларнинг ҳажга бориш харажати 3750 доллар атрофида бўлади. Қайд қилинишича, Ҳаж сафари йилдан-йилга арзонлашмоқда: 2022 йилда у 4,5 минг доллар, 2023 йилда тахминан 3,9 минг доллар турар эди.
Қозоғистондан Маккага расман 5 минг 81 нафар киши боради. Бироқ, мамлакат мусулмонлари идораси таъкидлаганидек, агар фуқаролар қабул қилувчи давлат қоидаларига кўра рўйхатдан ўтиб, хизмат ҳақини олдиндан тўласа, зиёратчилар сони 10 мингга етиши мумкин. Унинг нархи ҳақида хабар берилмаган.
Туркманистонда бу йилги зиёратчилар сони ҳақида хабар берилмади. 2023 йилда 2312 нафар Туркманистон фуқароси Ҳажга борган ва бу 2022 йилга нисбатан қарийб ўн баробар кўп эди.
Мавзуга оид
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
08:10 / 12.11.2024