Ўзбекистон | 18:15 / 06.12.2025
1293
3 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари гиёҳванд моддаларга қарши курашда бирдамлик кучайтиради

Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази (МОМАММ)га аъзо давлатлар ва халқаро ҳамкорлар гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Самарқандда йиғилди. Маълум қилинишича, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 7,5 тонна наркотик мусодара қилинган, 122 та уюшган жиноий гуруҳ раҳбари қўлга олинган.

Фото: Исомиддин Пўлатов

Тадбир “MOMAMM 2.0: Минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда ташкилот салоҳиятини ошириш” мавзусида ташкил этилди.

Йиғилишда ШҲТ, ЕХҲТ, КҲШТ, МДҲ давлатлари кенгаши, ЕАГ ва GCC каби халқаро ташкилотлар, шунингдек, АҚШ, Германия, Беларус ва Эрон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон томони Марказий Осиёдаги жорий наркотик вазият ва ҳамкорликни кучайтириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Шунингдек, 2025-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур ҳам тақдимот қилинди.

Йиғилиш доирасида замонавий таҳдидларга қарши курашда саъй-ҳаракатларни уйғунлаштиришга қаратилган қўшма декларация қабул қилинди.

Тор доирада Мувофиқлаштирувчи марказ кенгаши аъзолари ва мутахассислари MOMAMMнинг институционал салоҳиятини янада кучайтириш, 2026 йил учун “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш ва бюджет масалаларини муҳокама қилишди. Ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантириш ва самарадорликни ошириш учун янги таклифлар билдирилди.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилда Марказий Осиёда наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар сезиларли даражада ўсган. Наркотиклар мусодара қилинган ҳажм ортиб, синтетик моддалар тез суръатларда тарқалмоқда. Бундай тенденциялар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва трансмиллий наркожиноятчиликка қарши саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлигини кўрсатади.

MOMAMM ўз мандати доирасида гиёҳвандлик савдосига қарши қўшма халқаро операцияларни мувофиқлаштириш, трансмиллий наркожиноятчилик ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. 2025 йил сентябридан бошлаб ташкилотга Ўзбекистон раислик қилмоқда.

Қайд этилишича, марказ фаолияти давомида 80 дан ортиқ қўшма операцияларни мувофиқлаштириб, 7,5 тоннадан ортиқ наркотикларни мусодара қилиш, 62 тоннадан ортиқ прекурсорларни ноқонуний айланишдан тўсиш ва 122 нафар уюшган жиноий гуруҳ раҳбарини қўлга олишга эришди.

Шунингдек, синтетик наркотиклар хавфини камайтириш учун БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда минтақавий “эрта огоҳлантириш тизими” яратилмоқда. Бу тизим янги таҳдидларни тезкор аниқлаш ва уларнинг тарқалишининг олдини олиш имконини беради.

Самарқандда бўлиб ўтган анжуман Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда наркотикларга қарши ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид