Жаҳон | 23:01 / 27.05.2024
6376
5 дақиқада ўқилади

Хитой, Жанубий Корея ва Япония пандемиядан кейинги биринчи саммитни ўтказди

Осиёнинг учта етакчи давлати йиғилишида ҳамкорлик таклифлари ва хавфсизлик бўйича огоҳлантиришлар янгради. 

(Чапдан) Япония бош вазири Фумио Кишида, Жанубий Корея президенти Юн Сёк Ёл ва Хитой Бош вазири Ли Цян.
Фото: Reuters

Хитой, Жанубий Корея ва Япония етакчилари ўртасидаги музокаралар тўрт йиллик танаффусдан сўнг илк бор Сеулда бўлиб ўтди. Осиёнинг етакчи кучлари нимани муҳокама қилгани ва АҚШ ўз иттифоқчиларининг Пекин билан яқинлашишидан эҳтиёт бўлиши керакми каби масалалар РБК материалида ёритилди. 

26-27 май кунлари Сеулда Хитой Бош вазири Ли Цян, Жанубий Корея президенти Юн Сёк Ёл ва Япония бош вазири Фумио Кишида ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Саммит тўрт ярим йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта бўлиб ўтди – аввалгиси 2019 йил декабрида, COVID-19 пандемияси бошланишидан сал олдин бўлиб ўтган. Илгари 2008 йилда ташкил этилган худди шундай форматдаги музокаралар ҳар йили ўтказиларди. 

Сеул ва Пекин дипломатлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида ички ва ташқи хавфсизлик масалалари бўйича янги алоқа каналларини тиклашга келишиб олди. Бундан ташқари, Хитой ва Жанубий Корея 2011 йилда тўхтатилган қўшма сармоявий ҳамкорлик қўмитасини қайтадан ишга туширади ва июн ойи бошига эркин савдо келишуви бўйича ишчи учрашув ўтказишни режалаштирган. 

Шу куни Жанубий Корея ва Япония музокаралари бўлиб ўтди, унда икки давлат ўртасидаги ҳарбий-дипломатик ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналиши белгиланди. Жанубий Корея президенти келаси йил дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 60 йиллиги олдидан икки давлат раҳбарларининг биргаликдаги фаолияти икки томонлама алоқаларни «бундан ҳам юқори даражага» кўтаришига умид билдирди. 

Шунингдек, 26 май куни Хитой ва Япония ўртасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Япония раҳбари Фумио Кишида Пекинни ўтган йили вайронага айланган Фукусима атом электр станциясидан тозаланган сув чиқиши сабабли Япон денгизи маҳсулотлари импортига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди. Бунга жавобан Хитой бош вазири Ли Цян оқизилган сувни назорат қилиш учун халқаро тизим яратишни таклиф қилди. 

Кишида, шунингдек, Токио Тайван атрофидаги вазият, жумладан, ҳарбий соҳадаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. Ўтган ҳафта Хитой расмийлари хавфли сепаратизмда айблаган Тайваннинг янги президенти Лай Циндэ инаугурациясидан сўнг, Хитой Халқ озодлик армияси Тайван бўғозида кенг кўламли машғулотлар ўтказди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Ли Кишидага Тайван Пекин манфаатларининг «ўзаги» эканини айтган ва бу масалани кесиб ўтмаслик керак бўлган «қизил чизиқ» деб атаган. 

Музокаралар якунлари бўйича томонлар қўшма декларацияни қабул қилиб, унда олтита йўналиш бўйича ўзаро манфаатли лойиҳаларни яратиш ва амалга оширишга келишиб олди:

- гуманитар алмашинувлар (2030 йилгача 40 миллион кишини бундай алмашинувларга, жумладан, туризм орқали ҳам жалб этиш мақсад қилинган);

- барқарор ривожланиш, шу жумладан иқлим ўзгаришига қарши кураш;

- иқтисодий ҳамкорлик ва савдо (шу жумладан уч томонлама эркин савдо битими бўйича музокараларни тезлаштириш орқали);

- аҳоли саломатлиги, шу жумладан туғилишнинг камайиши ва аҳолининг қариб бориши шароитида;

- илмий-техникавий ҳамкорлик, шу жумладан рақамли трансформация;

- табиий офатларни бартараф этиш ва хавфсизлик. 

Шунингдек, Хитой, Жанубий Корея ва Япония вакиллари узоқ танаффусларсиз уч томонлама форматда кейинги учрашувларни ўтказиш ва келаси йилни уч мамлакат ўртасида маданий алмашинув йили деб эълон қилишга келишиб олди. 

Япония ва Жанубий Корея минтақадаги хатти-ҳаракатларига қарамай, Хитой билан муносабатларни нормаллаштиришдан манфаатдор, чунки у уларнинг етакчи савдо ҳамкори ҳисобланади. Хитой, ўз навбатида, уч томонлама эркин савдо битими ва Япония ва Жанубий Корея компанияларига ўз бозорига кенгроқ киришни таъминлаш орқали АҚШнинг бу икки давлатга таъсирини камайтиришга умид қилмоқда. 

Шу билан бирга, Washington Post газетасига интервю берган америкалик таҳлилчилар уч томонлама форматнинг қайта тикланишини Қўшма Штатларнинг хавотирига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисобламайди. Аммо бу антихитой сиёсатини илгари сураётганларга АҚШ иттифоқчиларининг ўз манфаатлари борлигини ва улар ҳар доим ҳам Американикига тўғри келмаслигини кўрсатиши кераклиги таъкидланмоқда. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид