Иқтисодиёт | 21:33 / 29.05.2024
8823
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2 йил ичида ЖСТга аъзо бўлмоқчи — Жамшид Хўжаев

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган саммитига қадар ташкилотга аъзо бўлиб кириш жараёнини якунига етказиш ниятида. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев аъзолик жараёни бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтди.

Фото: Жаҳон савдо ташкилоти

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаев маълум қилди.

Жаҳон савдо ташкилоти сайтида хабар қилинишича, Хўжаев бу ҳақда 24 май куни, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 8-йиғилишида айтиб ўтган.

“Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадида собит турибди ва бу йўналишда илгарилаш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солмоқда”, – деган Ўзбекистон делегацияси раҳбари.

Жамшид Хўжаев ишчи гуруҳ аъзоларини Ўзбекистоннинг аъзолик жараёнига “сармоя киритиш ва қўллаб-қувватлаш”га чақирган, уларнинг “ҳамкорлиги, малакаси ва ёрдами” музокаралар муваффақиятли якун топиши учун жуда имуҳимлигин таъкидлаган.

Ишчи гуруҳ раиси, Жанубий Кореянинг ЖСТдаги элчиси Юн Сунг Док музокаралар жадаллашганини қайд этган.

“Бугун биз 7-учрашувимиздан атиги 6 ой ўтиб яна учрашяпмиз. Ишчи гуруҳ учрашувлари оралиғидаги қисқа вақт ишимиз шубҳасиз тезлашганини кўрсатмоқда. Ишончим комилки, бу – аъзолик жараёнини бошқариш ва мувофиқлаштиришни кучайтириш мақсадида ўтган йили киритилган институционал ўзгаришлар натижаси”, деди у.

Юн Сунг Докнинг сўзларига кўра, 23 май куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлаш борасида норасмий учрашув бўлиб ўтган.

Ўзбекистон ишчи гуруҳнинг ўтган йили ноябрда бўлиб ўтган 7-учрашувидан кейинги ойларда ташкилотнинг 33 аъзоси икки томонлама фаол музокаралар олиб борган; Доминик Республикаси, Исроил, Япония ва Уругвай билан икки томонлама шартномалар имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди.

Kun.uz ишчи гуруҳнинг аввалги йиғилиши доирасида Ўзбекистон президентининг ЖСТ бўйича махсус вакили Азиз Уруновга қатор саволлар билан мурожаат қилганди.

Мавзуга оид