16 ноябр куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг бир йил ичида иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тафсилотлар – ташкилотнинг Женевадаги бош штаб-квартирасидан Kun.uz мухбири тайёрлаган репортажда.

Ишчи гуруҳ йиғилишидан олдинги кунларда Ўзбекистон Туркия, Мўғулистон ва Саудия Арабистони билан Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокараларни якунлаб, тегишли баённомаларни имзолади.

Бу билан, аъзолик жараёнида якуний келишувга эришилган давлатлар сони бештага етди: аввалроқ Грузия ва Нигерия билан ҳам имзоланган. Яқин вақт ичида Япония, Шри-Ланка ва Молдова билан музокараларни расман якунлаш режа қилинган.

Умуман, 30 дан ортиқ мамлакат Ўзбекистон билан ЖСТга кириши борасида икки томонлама музокара ўтказиш истагини билдирган.

Женевага ташриф буюрган Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаев раҳбарлик қилди. У ташрифи давомида Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди. Ташкилот раҳбари учрашувдан кейин берган қисқача изоҳида расмий Тошкентнинг аъзолик жараёнини тезлаштиришни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун аризани 1994 йилда берган, лекин 2005 йилдан кейин аъзолик жараёни тўхтаб қолган. Орадан 15 йил ўтиб, 2020 йилда ишчи гуруҳ ўз фаолиятини қайта тиклади. Ишчи гуруҳнинг 16 ноябр куни бўлиб ўтган 7-йиғилишида Ўзбекистон томони ўз зиммасига мажбуриятлар олиш юзасидан шу йил ёзда тақдим этилган 10 та ҳужжат лойиҳасига қўшимча равишда, мажбуриятлар тўғрисида яна 19 та лойиҳани тақдим этди.

Жамшид Хўжаев, бош вазир ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси

“Сизни ишонтириб айтаманки, музокараларимизнинг кейинги босқичи аъзолик жараёнини чуқурлаштиришга ва Жаҳон савдо ташкилоти талаблари бўйича келишувларга эришишимизга замин яратади”, деди Жамшид Хўжаев ишчи гуруҳ йиғилиши бошидаги нутқида.