Аросатдаги Гуржистон: Европага интилиш тўхтаб қолдими?
Кўплаб намойишлар, президент ветоси ва Ғарбнинг таҳдидларига қарамай, Гуржистонда чет эл агентлари ҳақидаги қонун барибир кучга кириши кутиляпти. Норозиликлар фонида бош вазир Иракли Кобахидзе халқни тинчлантириш учун катта ваъда берди: мамлакат 2030 йилгача Абхазия ва Жанубий Осетия устидан суверенитетини тикламоқчи.
Kun.uz “Геосиёсат” дастурида Гуржистон атрофидаги геосиёсий вазиятни таҳлил қилиш учун сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамовга юзланди.
— Грузия бош вазирининг 2030 йилгача мақсадлари, хусусан Абхазия ва Жанубий Осетияни мамлакат таркибига қайтариш қанчалик реалистик?
Жаҳонгир Акрамов: — Гуржистон – демократик давлат, демократик механизмлар ишлайди. Ҳукумат тепасидаги “Гуржистон орзуси” партияси “Чет эл агентлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини олиб чиқди, буни кўпчилик гуржилар Россиядаги худди шу номдаги қонуннинг нусхаси деб қарайди. Ҳукмрон партия бу қонунни тасдиқлаш учун кучли ҳаракат қиляпти. 2023 йил март ойида ҳам бу ҳаракат бўлганди, кескин қаршиликлар, намойишлар сабаб тўхтаб қолганди, бу йил яна қайтилди.
Қонуннинг моҳияти шундан иборатки, нодавлат ОАВ, демократик институтлар ва бошқаларнинг олган чет эл грантлари, сармоялари бюджетининг 20 фоизидан ошса, улар чет элдаги кучлар манфаатига ишлаётган деб топилади. Шунинг учун бу қонун жамоат ташкилотлари, демократик кучлар томонидан қораланяпти. Қонуннинг қабул қилиниши кўп жиҳатдан Россиядаги қонун кўчирмаси бўлади ва октябрда бўладиган сайловларга тайёргарлик бўлади, деб баҳолаяпти мутахассислар. Чунки кўплаб демократик ташкилотлар бундай ном олгандан кейин фаолиятини тўхтатамиз деяпти. Бу ҳолат орқали “Гуржистон орзуси” партияси сайловларда ғалаба қозонишни кўзлаяпти, деган таҳлиллар бор.
— Бу қонун қабул қилиниши Гуржистоннинг Ғарб билан муносабатларига қандай таъсир қилади?
Камолиддин Раббимов: — Салбий таъсир қилади. Демократик давлатлар бу қонунни танқид қилди. Европа Иттифоқи санкциялар қўйишни муҳокама қилмоқчи. Ҳозирда Гуржистон фуқароларига ЕИга кириш учун виза керакмас, шуни бекор қилиш, ажратиладиган маблағларни чеклаш, ЕИга кириш учун қабул қилинган режаларни тўхтатиш бўйича гап кетяпти. Бу режа қилинган санкцияларнинг тўлиқ жорий қилиниши эҳтимоли кам, чунки тўлиқ жорий қилинса, Гуржистон Россия таъсирига ташлаб қўйилган бўлади.
Саакашвили даврида Гуржистон ЕИ томон илдам қадам ташлади, у бугун қамоқда, ҳукуматда эса унга мухолиф партия турибди. “Гуржистон орзуси” партиясининг асосий ҳомийси – миллиардер Иванишвили. У ўзининг катта капиталини Россияда қилган, кўпчилик россияпараст сифатида кўради. Партиянинг мақсади – ЕИга кириш, муносабатларни сақлаб қолиш ва айни пайтда Россия билан муносабатларни меъёрлаштириш. Осетия ва Абхазияни Россия давлат сифатида тан олган, бошқа давлатлар тан олмаган. Муносабатларни яхшилаб, шу икки ҳудудни Грузияга қайтармоқчи.
Бугун Гуржистон сиёсий элитаси ва жамият тўлиқ иккига бўлинган. Бир қисми ЕИга яқинлашишдан воз кечмаслик керак, дейди, бир томон эса иккита ҳудудни қайтиб олиш биз учун муҳимроқ, дейди. Бу кураш давом этяпти, кучлар нисбати “Гуржистон орзуси” тарафида, чунки Гуржистонда парламентар бошқарув, қайси партия фракцияси кўп бўлса, бош вазирни ўша партия тайинлайди.
1938 йилда бундай қонунни АҚШ қабул қилганди, СССР кучайиб кетиши фонида. Бир неча йил олдин Россия қабул қилди. Энди Россияга ёқиш, ташқи таъсирни пасайтириш учун Гуржистон ҳам қабул қиляпти. Бундай қонун Қозоғистонда муҳокама қилинди, Қирғизистонда қабул қилинди. Демак, Россиядаги бу нарса постсовет ҳудудига таъсир қиляпти.
Ҳозирда қонун Гуржистон парламенти томонидан қабул қилинган, президент эса вето қўйган. Парламентда кўпчилик ўринга эга ҳукмрон партия бу ветони олиб ташлай олади.
Жаҳонгир Акрамов: — АҚШдаги бундай қонун бўйича шу пайтгача 5 та иш очилган, фақат битта ҳолатда ҳукм ўқилган. Россияда эса ўтган 2023 йилнинг ўзида 350 та иш бўлган бу бўйича. Россия–Украина уруши Грузиядаги сиёсий қарама-қаршиликни янги поғонага кўтарди, “Гуржистон орзуси” партияси ҳокимиятни амалга оширишда кўп қаршиликларга учрай бошлади.
“Гуржистон орзуси” партияси Россия билан келишиб Абхазия ва Осетияни қайтариб олмоқчи, “Ягона миллий фронт” партияси эса Ғарбга қўшилиб, Россияга карши санкцияларга қўшилиб, Россиядаги сиёсий ўзгаришларни кутиб, кейин ҳудудий яхлитликни тиклаш ниятида.
Мутахассислар айтадики, Иванишвилида Ғарбга нисбатан қўрқув бор, Россияга яқинлигим учун жазоламоқчи, деган тафаккурда бўлади, дейди. Гуржистон катта босимларга учраяпти бундай ҳаракатлар билан, ЕИ уни қабул қилишни бекор қилиши ҳам мумкин дейиляпти. Блинкен ҳам огоҳлантириш билан чиқди.
— Гуржистоннинг Абхазия ва Жанубий Осетияни қайтариш йўлида Россия омили билан тўқнашуви қандай кечади?
Камолиддин Раббимов: — Россиянинг Гуржистонга қараши ўзгарган бугун, Саакашвили даврида Кавказдаги энг душман давлат сифатида кўриларди, энди Арманистон кўрилади. Россия Абхазия ва Осетияни давлат сифатида тан олган. Россия ва Гуржистон қанчалик яқин бўлмасин, мустақил давлат сифатида тан олган ҳудудлар бўйича келишувларни бекор қилиш осон бўлмайди.
— Абхазия ва Осетия Россиядан ёрдам сўраса-чи?
Камолиддин Раббимов: — Россия бу ҳудудларни де-факто Гуржистонга қайтармоқчи бўлса, бунинг йўлини топади, чунки Россия босим қилса, Гуржистон билан Россия ўртасида келишув бўлса, босқичма-босқич йўлини топади. Чунки Россиянинг бу ҳудудларга таъсири катта. Лекин юридик жиҳатдан қандай бўлиши ноаниқ, чунки расман тан олган Россия. Бу ерларни қайтариш бир неча ўн йилларни талаб қилиши мумкин, бугун Гуржистон Россия геосиёсий қопқонига тушиб бўлган.
Абхазия ва Осетия аҳолисида ҳам ўзини мустақил деб ҳис қилишга хоҳиш юқори. Аҳоли таркибида грузинларнинг улуши Абхазияда 45 фоиз, Жанубий Осетияда эса 27 фоиз атрофида. Аҳолининг катта қисми ўзини Гуржистон таркибий қисми сифатида кўрмайди.
— Абхазия ва Жанубий Осетияни фақат Россия тан олганми?
Жаҳонгир Акрамов: — Ягона тан олган давлат Россия ҳисобланади. 2008 йилда 5 кунлик уруш бўлган. Гуржистон ҳукумати Жанубий Осетияда тартиб ўрнатиш, анклав ҳудуддаги гуржиларни кўчириш пайтида қўшин киритган ва ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетган. Россия қўшин киритган ва Гуржистонни тинчликка мажбурлаш операцияси бошланган, Абхазия ҳам урушга кирган. Орада Наури давлати ҳам тан олган, лекин асосийси Россия ҳисобланади.
Ўша 5 кунлик уруш пайтида Ғарб Россияга нисбатан мўътадил сиёсат юритган. Ғарблик мутахассислар биз ўша пайтда Россияга нисбатан юмшоқ сиёсат олиб борганимиз сабаб Россия Қримни олди, Украина уруши бошланди, дейишади.
Камолиддин Раббимов: — Асосий воситачи ўша пайтдаги Франция президенти Саркози бўлган ЕИда, чунки Франция ЕИ раиси эди ўша 5 кунлик уруш пайтида. Келишувга кўра, Саакашвилига босим қилиниб, бу икки ҳудуддан қўшинлар олиб чиқилади.
Жаҳонгир Акромов: — Россия ўша пайтда Кавказдаги Косово мустақиллиги омилидан фойдаланган, дейилади, яъни халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойили. Абхазия ва Жанубий Осетиянинг қайтиши эҳтимоли кам яқин йилларда, лекин конфедерация таклифи бўлаётгани ҳақида хабарлар ҳам бор.
— Гуржистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболлари ва унинг геосиёсий оқибатлари қандай бўлади?
Камолиддин Раббимов: — Кавказ атрофида кучли геосиёсий кураш кетяпти. Жанубий Кавказда 3 та республика бор. Озарбойжон сиёсий тизими авторитар, лекин ташқи ишларда Илҳом Алиев жуда маҳоратли ишлаяпти. Грузия Саакашвили даврида жуда катта қадамлар билан Ғарбга интилди ва иккита ҳудудни йўқотди. Арманистон аразлаган давлат, Қорабоғни йўқотгач, Россия билан алоқаларни узиб, Ғарбга интиляпти. Арманистонга қарши Россия, Эрон, Хитой бирлашяпти, лекин айрим Ғарбий Европа давлатлари, хусусан, Франция Арманистонни қўллаяпти.
Гуржистондаги бу намойишлар, жараёнлар катта Кавказ минтақаси учун геосиёсий кураш дейиш мумкин. Гуржистон сўнгги йилларда Россияга йўналиш олди. Ғарбий Европа эса Гуржистон орқали Кавказдаги таъсирини йўқотмаслик учун имконият излаяпти. Россия Арманистонни йўқотгани билан Озарбойжон билан алоқалар яхши. Гуржистондаги “Гуржистон орзуси” партияси мувозанат сақлашга ҳаракат қилган бўлса ҳам, Россияга яқинроқ бўляпти. Гуржистонда ёш авлод Ғарбга талпинаверади ва ички кураш давом этади.
Жаҳонгир Акромов: — Жанубий Кавказда Қорабоғ сепаратизмига барҳам берилгач, Украина уруши бошлангач, ўзига хос геосиёсий вазият юзага келди. Россиянинг бу ердаги лидерлик роли пасайган, Арманистонда йўқотган позицияларини Гуржистон орқали компенсация қилишга уриняпти. Ғарб ҳам Украина урушидан кейин геосиёсий жараёнларда ўзининг қатъийлигини кўрсатишга уриняпти. Гуржистон бош вазирининг 2030 йилда ЕИга қўшилиш ёки ҳудудларни қайтариб олиш ҳақидаги баёноти халқни тинчлантириш ва ўз легитимлигини сақлаш учун деса бўлади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
13:53 / 20.11.2024
Зурабишвили сайловлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди
23:12 / 19.11.2024