Жаҳон | 13:59 / 02.12.2025
2260
5 дақиқада ўқилади

“Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратиляпти” — Фарҳод Каримов

Порахўрлик ва фирибгарлик каби жиноятларда айбланаётган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу суд ҳукми чиқмай туриб президентдан афв сўради. Таҳлилчиларга кўра, бу унинг сиёсий келажаги ва минтақадаги ҳарбий вазият билан бевосита боғлиқ. Хусусан, Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ” билан тирашуви кескинлашмоқда. Kun.uz студиясида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримов шарҳи.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нетаняҳу суд якунланмай нега Исроил президентидан афв сўради?

Фарҳод Каримов: Нетаняҳу расмий равишда Исроил президентидан афв сўради. Бу – 2019 йилда очилган порахўрлик ва фирибгарликка оид жиноий ишлар билан боғлиқ. Мазкур иш бўйича тергов йиллар мобайнида давом этиб келди, Нетаняҳуга алоқадор ёрдамчилар ва бошқа шахслар ҳибсга олинган. Энди терговда жавоб бериши керак бўлган асосий шахс сифатида Нетаняҳу қолган, шу сабабли у жараённи чўзиш ёки кимнидир ўрнига юбориш имконига эга эмас.

Қолаверса, Ғазо бўйича масала юридик жиҳатдан ҳал қилинган, Миср воситачилигидаги шартномадан сўнг расман ўт очиш тўхтатилган. Олдинда эса 2026 йилдаги парламент сайловлари турибди. Нетаняҳу коалиция ёрдамида ҳокимиятни ушлаб турган бўлса-да, сўнгги воқеалар унинг обрўсига жиддий путур етказди. Шу боис унинг партияси ҳам, ўзи ҳам келаётган сайловларда муваффақият қозонмаслиги мумкин. Агар у ютқазса, дахлсизлик мақомидан маҳрум бўлади. Шу сабабли Нетаняҳу ҳукм чиқарилишидан аввал афв сўрамоқда.

У биладики, 6 йил давомида йиғилган далиллар, ёрдамчиларининг кўрсатмалари, шунингдек “Qatar Gate” билан боғлиқ эпизодлар унга нисбатан ҳукм чиқарилиши эҳтимолини оширади. Афв эса суд ва терговни тўхтатиш имконини бериши, натижада Нетаняҳуга сайлов компаниясига кучлироқ сиёсий позиция билан кириш имкониятини яратиши мумкин.

Парламентдаги, шунингдек аҳолининг ўзидаги норозилик кучайиб бормоқда. Европа Иттифоқининг исроилликларга нисбатан жорий этаётган айрим тақиқлари ҳам ички босимни оширган. Ғазо ёки Жўлон тепалигидаги ҳарбий натижаларга қарамай, Нетаняҳуга нисбатан ишонч пасайган. Шунинг учун келаётган сайловларда ҳатто коалиция билан ҳам ҳокимиятни сақлаб қолмаслик хавфи мавжуд.

Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш юзасидан Ливан ҳукуматининг олдига қўйган талаби бўйича муҳлат шу ой якунланади. Эҳтимолий сценарийлар қандай?

Фарҳод Каримов: Бир нечта омиллар бор. Нетаняҳу афв оладиган бўлса, унинг ички сиёсий босимлари камаяди ва у эътиборини “Ҳизбуллоҳ”дан кўра, сайловчиларига ва яқинлашаётган парламент сайловларига қаратади. Чунки афв берилгач, ичкарида уни таъқиб қиладиган жиноий хавф арийди.

Агар афв берилмаса, Нетаняҳу ўзининг сиёсий дахлсизлигини сақлаб қолиш учун ҳарбий фаолликни давом эттиришга уринади. Бу ерда асосий омил – “Ҳизбуллоҳ”нинг қайтадан қуролланаётгани. “Ҳизбуллоҳ” раҳбарияти ҳам қуролни ташламаслигини очиқ айтмоқда. Исроил матбуоти эса бу баёнотларни “янги урушга тайёргарлик” сифатида талқин қилиб, Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратмоқда. Шу ҳол унинг навбатдаги ҳарбий операцияларни бошлаши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Бу жараёнда Франция ҳам муҳим рол ўйнайди. Франция – Ливандаги маруний насронийларни қўллаб-қувватлайди ва минтақадаги муҳим таъсир кучларидан бири сифатида Ливанда “Ҳизбуллоҳ”нинг мавқейини пасайтиришдан манфаатдор. Шу сабабли Исроил–Франция мулоқоти кучайиши эҳтимоли бор. Бироқ Ливандаги демографик таркиб бундай режаларни тўлиқ амалга оширишга имкон бермайди: аҳолининг атиги учдан бир қисми марунийлар. Қолган сунний ва шиа мусулмонларнинг катта қисми “Ҳизбуллоҳ”ни қўллаб-қувватлайди, чунки ташкилот йиллар давомида мактаблар, шифохоналар, инфратузилма қуриш орқали давлат функцияларини бажарган.

Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида йирик, кенг кўламли уруш эҳтимоли паст. Исроилнинг ички имкониятлари бунга тўсқинлик қилади: 9 миллион аҳолининг фақат маълум бир қисми сафарбар қилиниши мумкин, аҳоли эса узоқ давом этадиган урушдан чарчаган. “Ҳизбуллоҳ” эса кўпроқ инсоний ресурсларга ва узоқ муддатли қаршилик кўрсатиш имкониятига эга. Шу сабабли Нетаняҳу катта уруш эмас, балки кичик ҳажмдаги ҳаво ҳужумлари ёки чегаравий операциялар орқали ҳарбий фаолликни сақлаб туриши мумкин. Бу унга афв берилмаганда суд жараёнларини чўзиш ва сиёсий легитимлигини вақтинча мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид