Жаҳон | 08:44 / 02.06.2024
21188
5 дақиқада ўқилади

Иссиқдан ўлаётган одамлар – Ҳиндистонда нималар бўляпти?

Ҳиндистоннинг кўплаб ҳудудларида икки ҳафтадан бери 45-46 даража иссиқ кузитляпти. Ҳатто 52 даража иссиқ кузатилган кунлар ҳам бўлди.

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида икки кун ичида икки марта жазирама рекорди янгиланди. 28 май куни Деҳлидаги асосий метеорологик таянч кузатув станциясида ҳаво ҳарорати максимуми +49.9°С даражага етиб, 2022 йилдаги рекордни янгилаганди. Ўшанда ҳаво ҳарорати +49.2°С га етганди. 29 май куни эса жазирама рекорди яна янгиланди. Ҳарорат +52.3°С ни кўрсатди.

Мамлакатнинг марказий ва шимолий ҳудудларида охирги 24 соат ичида ҳарорат ошиши фонида бир қанча одам иссиққа боғлиқ касалликлар билан вафот этди. Роуркела ҳудудидаги шифохонанинг ўзида 10 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: Getty Images

Ўлимлар, асосан, Биҳар, Ражастхан, Жхарханд ва пойтахт Деҳлида кузатилган. Ҳароратнинг юқорилаб кетиши ва бу сабаб ўлимларнинг содир бўлиши мамлакатда ўтказилган сайлов натижалари чиқиши керак бўлган 4 июн арафасида содир бўляпти. 

Сув олиш учун йиғилган одамлар
Фото: Getty Images

Биҳар штати Бхожпур тумани судяси Маҳендра Кумарнинг Times of India газетасига маълум қилишича, пайшанба куни шаҳарда иссиқлик уриши туфайли уч нафар сайловчи ва бир полициячи ҳалок бўлган.

"Пайшанба энг иссиқ кун эди, барча марказларда тиббий хизмат бўлишига қарамай улар вафот этди. Бир полициячи турган жойида ҳушидан кетиб қолди, шифокорлар унга ёрдам кўрсатишларига қарамай касалхонада ўлди", деган Кумар.

Унинг қўшимча қилишича, пайшанбанинг ўзида полициячи вафот этган касалхонага 30-40 киши иссиқлик билан боғлиқ касалликлар билан ётқизилган. Касалхоналар иссиқ урган беморларни рекорд даражада кўп қабул қилмоқда. Деҳлида ҳам иссиқ урган ишчи касалхонада вафот этди.

Ҳиндистон касалликларни назорат қилиш миллий маркази иссиқ уришини ҳаётга хавф солувчи ҳолат деб атаган. Бу сабаб ўлим кузатилиш даражаси 40-64 фоизни ташкил қилади.

Аҳмадободда иссиқ сабаб мато билан ўралган автоулов. 
Фото: Reuters

Ҳиндистоннинг шимолий, марказий ва қисман ғарбий ҳудудларида қайноқ об-ҳаво кузатилаётганига 2 ҳафта муддат бўлди, бу пайтдан бери кундузлари 45-46 даража ҳарорат қайд этиляпти, айрим ҳудудларда 50 даражагача иссиқ ҳам кузатилган. Эҳтиёжнинг ортиб кетиши сабаб баъзи жойларда сув ва электр танқисликлари кузатиляпти. Ўта иссиқ бўлиши мамлакатда ёнғинлар кўпайишига ҳам олиб келяпти, мамлакат Жамму ва Кашмир ҳудудларида ўрмон ёнғинлари кузатилмаслигини дронлар ёрдамида назорат қиляпти. 

Ўтган ҳафта пойтахт Деҳлида ҳам об-ҳаво 50 даражага яқинлашганди. Пойтахтликларнинг сув олиш учун идишлар билан навбатда турган видеолари тарқалди. Пойтахтнинг ҳам катта қисмида электр узилишлари кузатиляпти. 

Расмийлар эса ҳали ҳам чоршанба куни Мунгешпур ҳудудида 52,9 даража иссиқ қайд этилиши об ҳавони кузатувчи сенсор ишламай қолгани сабабми ёки ростан ҳам бу аниқ маълумот бўлганини текширишни тугатгани йўқ.

Фото: Getty Images

Lancet журнали эълон қилган тадқиқотга кўра, Ҳиндистонда 2000-2004 ва 2017-2021 йиллар оралиғида аномал иссиқ сабаб ўлим кўрсаткичи 55 фоизга ошган. 2021 йилда жазирама сабаб мамлакат 167,2 млн потенциал иш соатини йўқотган. Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ёзда мунтазам равишда жазирама тўлқинлари кузатилган бўлса-да, экспертларнинг таъкидлашича, энди саратон узоқроқ, кучлироқ бўляпти ва яна тез-тез кузатилмоқда.

Иссиқ ҳаво сабаб одамлар бозорга харидга боришдан ҳам қочиб кўпроқ уйда ўтирган ҳолда уюртма беришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса, асосан, куннинг иккинчи ярмида етказиб бериш хизматларининг кўпроқ буюртма олишларига олиб келмоқда.

Ҳиндистон иссиқлик сабаб қийин вазиятга тушган Осиёдаги ягона давлат эмас. Покистонда ҳам шу ҳафта 52 даража иссиқ қайд этилди.

Олимлар бу каби аномал иссиқ инсон тасири сабаб кузатилаётган иқлим ўзгаришлари туфайли кузатиляпти деган фикрда.

Ҳиндистоннинг ҳам бу борада ҳиссаси катта. Мамлакат иссиқхона газлари чиқарувчи дунёдаги энг йирик учинчи давлат ҳисобланади. Бироқ Ҳиндистон 2070 йилга бориб бу кўрсаткични 0 фоизга туширишни мақсад қилган

Мавзуга оид