Жаҳон | 21:27 / 05.06.2024
5057
3 дақиқада ўқилади

Дунёда миллионерлар сони ортиб бораётгани қайд этилди

Бойлар ўз бойликларини бошқариш тактикасини ўзгартираётгани маълум бўлди. Агар илгари асосий эътибор маблағларни сақлашга қаратилган бўлса, энди уларнинг кўпайишига қаратилмоқда. 

Фото: Unsplash

Capgemini халқаро консалтинг компанияси дунёдаги миллионерлар сони ва уларнинг 2023 йилдаги умумий бойлиги бўйича ҳисоботини эълон қилди. 

Компания ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили бадавлат одамлар сони 5,1 фоизга ўсиб, 22,8 миллион кишига етган. Уларнинг умумий бойлиги ҳам 4,7 фоизга ошиб, 86,8 триллион долларни ташкил қилди. Ўтган йил давомида фаровонликнинг энг сезиларли ўсиши Шимолий Америкада, энг ёмон аҳвол эса Африкада кузатилди. 

Агар 2022 йил охирида геосиёсий кескинликлар ва иқтисодий беқарорлик туфайли миллионерларнинг умумий бойлиги 3,6 фоизга, миллионерлар сони эса 3,3 фоизга қисқарган бўлса, 2023 йилда ўсиш нафақат тикланди, балки рекорд даражага етди. 

World Wealth Report 2024 ҳисоботи дунёнинг 71 мамлакатидаги вазиятни тасвирлайди, уларда жаҳон ялпи миллий даромадининг 98 фоизидан ортиғи ва биржада котировка қилинадиган компанияларнинг 99 фоизи жамланган. 

Тадқиқотда 3119 нафар миллионер, жумладан, Шимолий ва Лотин Америкаси, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги 1300 нафардан ортиқ мултимиллионер қатнашган. 

2023 йил охиридаги энг ижобий тенденция Шимолий Америкада қайд этилган – у ерда миллионерлар сони 7,1 фоизга, уларнинг умумий бойлиги эса 7,2 фоизга ошган. 

Ўсишнинг асосий омиллари иқтисодий фаолликнинг тикланиши, инфляция босимининг заифлашиши ва фонд бозорининг сезиларли тикланиши бўлди. 

Худди шу омиллар Шимолий Америкадаги каби юқори бўлмасада, бошқа минтақаларда фаровонликнинг ошишига олиб келди. 

Осиё-Тинч океани минтақасида миллионерлар сони 4,2 фоизга, фаровонлиги эса 4,8 фоизга ўсган. Европада миллионерлар ва мултимиллионерлар ўтган йилга нисбатан 3,9 фоизга кўп бўлган ва уларнинг умумий бойлиги 4 фоизга ошган. Лотин Америкаси ва Яқин Шарқда ҳам ўсиш кузатилди, лекин анча камтарона. 

2023 йилда бойлар сони (-0,1 фоиз) ва уларнинг бойлиги (-1 фоиз) камайган ягона минтақа Африка бўлди. Capgemini мутахассислари Африка мамлакатларидаги бу тенденцияни хом ашё нархининг пасайиши ва хорижий сармояларнинг қисқариши билан изоҳлади. 

Умумий тенденциялар ҳақида гапирар экан, ҳисобот муаллифлари бой одамлар ўз бойликларини бошқариш тактикасини ўзгартираётганини қайд этишди. Агар илгари асосий ҳаракатлар маблағларни сақлашга қаратилган бўлса, энди уларнинг кўпайишига қаратилмоқда. 

2024 йил бошидаги маълумотлар шуни кўрсатадики, жами бойликнинг тахминан 25 фоизи нақд пулда сақланади, бир йил аввал бу кўрсаткич 34 фоиз эди.

Мавзуга оид