Қайд этилишича, август ойида умумий бизнес муҳити индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 пунктга ўсиб, 55 бандни ташкил этди. Бу ўсиш асосан ҳозирги фаолликнинг ўсиши ҳисобига кузатилди. Бизнес муҳитининг жорий ҳолати индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 бандга ўсиб, 49 бандни ташкил этди.

Жорий ҳолат индекси тадбиркорларнинг амалдаги вазиятга, яъни сотувлар, иш билан таъминлаш, талаб, ресурсларга етарли кириш имкони ва фаолият муҳитининг барқарорлиги каби омилларга нисбатан муносабатини акс эттиради.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 67 банддан 62 бандгача бироз пасайган бўлса-да, ҳануз юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу эса тадбиркорларнинг келажакка бўлган ишончи барқарор эканини кўрсатади.

Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, барқарор ижобий динамика кузатилмоқда. Жорий йил август ойида ўз бизнесининг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган респондентлар улуши ўтган йил август ойидаги 41 фоиздан жорий йил 45 фоизгача ўсди. Шу билан бирга, респондентларнинг 39 фоизи сўнгги уч ойда бизнес кўрсаткичлари яхшиланганнини таъкидлаган бўлса, 41 фоиз талаб ўсганини билдирган.

Келгуси ойларга оид кутилмалар ҳам юқори даражада сақланмоқда. Хусусан, респондентларнинг 69 фоизи яқин уч ой ичида ўз бизнеси ўсишда давом этишига ишонмоқда, 62 фоизи қўшимча талаб ўсишини кутмоқда, 53 фоизи эса ишчилар сони кўпаяди, деб прогноз бермоқда.

Август ойида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бизнес муҳити секторнинг позициялари мустаҳкамланаётганини ва тадбиркорлар ишончи ортаётганини кўрсатди. Ой давомида индекс 7 бандга ўсиб, 57 бандни ташкил этди ва ўтган йилги кўрсаткичдан 1 бандга яхшиланди.

Сўров натижаларига кўра, қишлоқ хўжалигида тадбиркорларнинг 50 фоиз ўз бизнеси ҳолатини «яхши» деб баҳолаган, бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 10 бандга юқори. Шу билан бирга, респондентларнинг 42 фоиз сўнгги уч ойда бизнеси яхшиланганини қайд этган. Қишлоқ хўжалигидаги истиқболдаги кутилмалар индекси 68 бандга етди.

Саноатда ишлаб чиқариш фаоллигининг жонланиши кузатилди. Жумладан, бизнес-муҳитининг жорий ҳолат индекси 3 бандга ўсиб, 41 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, умумий индекс 2 бандга пастлаб, 48 бандни ташкил этди.

Саноатдаги тадбиркорларнинг деярли ярми вазиятни қониқарли деб баҳолаган. Ишчилар сонининг ўсиши (28 фоиз) иш ўринлари кенгаяётганидан далолат беради. Шу билан бирга, респондентларнинг 70 фоиз бизнесининг яқин келажакда яхшиланишига ишонмоқда.