Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нарендра Моди яна Ҳиндистон бош вазири бўлади
Парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритган Миллий демократик алянси унинг номзодини қўллаб-қувватлади.
Ҳиндистоннинг Миллий демократик алянси (NDA) етакчилари 5 июн кунги йиғилишда Нарендра Модини бир овоздан NDA раҳбари этиб сайлади.
«Биз, NDA етакчилари, бир овоздан ҳурматли Нарендра Модини ўз етакчимиз этиб сайлаймиз», дейилади алянс баёнотида.
Баёнотда айтилишича, алянс «мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш учун Ҳиндистон халқининг турмуш даражасини оширишга қаратилган фаолиятни давом эттиради».
Аввалроқ, Ҳиндистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида бош вазир Модининг «Бҳаратия Жаната» партияси (BJP) ғалаба қозонган, шундан сўнг, Моди қонунчиликка кўра истеъфога чиққан эди.
Модининг партияси сайлов якунларига кўра, парламентдаги 240 ўринни қўлга киритган эди. Бу кўпчилик бўлиш учун етарли эмас эди, лекин NDA 292 ўринни қўлга киритиб, 543 ўринли парламентда кўпчиликни таъминлади.
Энди Моди NDA томонидан шакллантириладиган ҳукуматни бошқариши ва қаторасига учинчи муддат бош вазир лавозимини эгаллаши кутилмоқда. У 8 июн куни қасамёд қилади ва янги ҳукуматни шакллантиради.