13:31 / 06.06.2024
4923

Марказий банк илк бор хорижий давлат қимматли қоғозларига инвестиция киритди

Ўзбекистон Марказий банки захираларнинг бир қисмини қимматли қоғозларга ўтказа бошлади. Регулятор шу пайтга қадар олтин-валюта захираларининг 80 фоизини олтинда ва қолганини валютада сақлаб келган.

Фото: Kun.uz

Жорий йил 27-31 май кунлари Жаҳон банки миссиясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Марказий банки илк бор хорижий давлат қимматли қоғозларига инвестиция киритди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

«Миссия давомида халқаро захираларни бошқаришда диверсификациянинг аҳамияти, жумладан, хорижий давлатлар қимматли қоғозларни захиралар таркибига киритиш, хатарларни баҳолаш ҳамда Марказий банкнинг тегишли таркибий бўлинмалари иш жараёнини самарали ташкил этиш бўйича махсус тренинглар ўтказилди. Хусусан, қимматли қоғозларга инвестиция киритишда рискларни бошқариш, савдо ва ҳисоб-китоб амалиётларини ўтказиш, бухгалтерия ҳисоби ва комплаенс-назоратни амалга ошириш масалалари юзасидан малака оширилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида илк бор Марказий банк захираларини диверсификация қилиш мақсадида қимматли қоғозларга бирламчи инвестиция киритиш амалиётлари ўтказилди ҳамда тегишли портфеллар шакллантирилди», дейилади регулятор хабарида.

Миссия якунида Жаҳон банки ғазначилиги экспертларининг халқаро захираларни бошқариш ва тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялари олинган. Шунингдек, захиралар таркибига янги молиявий инструментларни киритишни давом эттириш ва Марказий банк ходимлари малакасини оширишга доир келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишувга эришилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бу чинданам тарихий ва жиддий қадам. Регулятор шу пайтга қадар олтин-валюта захираларининг 80 фоизини олтинда ва қолганини валютада сақлаб келган.

«Бу чинданам тарихий ва жиддий қадам. Янги даврда олтин-валюта захираларининг таркибида олтин улушини камайтириш масаласи 2019 йилдан буён кўтариб келинади. Бундай режалар ҳақида жуда кўп гапирилган. Ҳатто 2 йил аввал Марказий банк раиси олтин-валюта захираларини бошқариш стратегиясини ўзгартириш бошланганини маълум қилганди. Лекин олтиннинг бир қисми ўрнига қимматли қоғозлар сотиб олиш хоҳишлари шу пайтгача амалга кўчмаган. Олтин котировкаларининг узлуксиз ўсиши фонида 2022 йилнинг охирига келиб олтин улушини камайтириш ўрнига бондлар сотиб олиш режаларидан воз кечилгани эълон қилинганди. Кечаги учрашув ва очиқлама хабардан кўринадики, Марказий банк олтин ўзининг тарихий максимумларига етгани ва котировкалар буёғига пасайиш тенденциясига эга бўлиши мумкинлигини инобатга ола бошлаган», дея таъкидлади Отабек Бакиров. 

Top