Жаҳон | 23:35 / 07.06.2024
6613
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ ядро қуролидан фойдаланиш бўйича янги йўриқномани имзолади

Мамлакатнинг янги ядро сиёсати энди ядро арсеналини кўпайтириш ва диверсификация қилиш зарурлигини акс эттиради.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатларнинг ядро қуролидан фойдаланиш шартлари бўйича янги йўриқномани имзолади. Мамлакатнинг янги ядро сиёсати энди ядро арсеналини кўпайтириш ва диверсификация қилиш зарурлигини акс эттиради ва унинг асосий рақобатчилари: Россия, Хитой ва Шимолий Кореяни тийиб туришга қаратилади.

«Бу бизнинг мақсадларимизга эришиш учун зарур бўлган ядровий қуроллар сонини камайтириш учун қурол назорати ва бошқа воситалардан фойдаланишга содиқлигимизни тасдиқлайди ва Қўшма Штатлар янги Стратегик қуролларни қисқартириш шартномаси (СҚҚШ) чекловларига амал қилишда давом этишини тасдиқлайди», деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши, ядро қуролларини тарқатмаслик масалалари бўйича катта директор Пранай Вадди Қуролларни назорат қилиш ассоциацияси йиғилишида.

Ваддининг қўшимча қилишича, агар Россия ҳам шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажарса, Қўшма Штатлар янги СҚҚШга амал қилишга тайёр. У, шунингдек, Қўшма Штатлар Россия билан янги СҚҚШ ўрнини босиш бўйича келишувни ишлаб чиқа олмаслиги мумкинлигини айтди.

Россия 2023 йилда Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ва чеклаш бўйича кейинги чора-тадбирлар тўғрисидаги шартномадан чиқди. Шартнома 2026 йилгача амал қилиши керак эди. Қўшма Штатлар Россиянинг келишувдан чиқишини қонуний деб тан олмайди ва Москва ҳали ҳам унга риоя қилишга мажбур, деб ҳисоблайди.

2024 йил феврал ойида Хитой ядро қуролига эга бўлган барча давлатларни ушбу турдаги қуроллардан фойдаланмаслик мажбуриятини олишга чақирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид