Жаҳон | 14:46 / 09.06.2024
12192
2 дақиқада ўқилади

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти раҳбари вафот этди

2012 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келган француз журналисти Кристоф Делуар саратон хасталигига чалинганди.

Thomas Samson / AFP / Scanpix / LETA

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бош директори Кристоф Делуар 53 ёшда вафот этди. Ташкилот хабарида айтилишича, у онкологик касаллик билан курашиб келаётганди.

Хабарда қайд этилишича, Делуар 2018 йилдан буён Ахборот ва демократия бўйича форумнинг асосчи президенти саналган. «[Делуар] <...> ахборот хаоси шароитида барча қитъаларда журналистика эркинлиги, мустақиллиги ва плюрализмининг оташин ҳимоячиси эди. Журналистика унинг ҳаёти иши бўлган ва у қатъий ишонч билан курашди», — дейилади хабарда.

Кристоф Делуар ташкилотга 2012 йилдан бошлаб раҳбарлик қилган. Журналист 1998 йилдан 2007 йилга қадар французларнинг Le Point номли янгиликлар журналида сиёсий ва ижтимоий бўлимларида тадқиқотчи мухбир сифатида фаолият кўрсатган. У шунингдек ARTE ва TF1 телеканалларида ишлаган, ҳужжатли филмлар суратга олган ва бир неча китоб ёзган. 2008 йилдан 2012 йилгача Делуар CFJ олий журналистика мактабига раҳбарлик қилган.

У Биринчи канал муҳаррири, жонли эфирда урушга қарши плакат кўтаргани учун қамоққа ташланиши мумкин бўлган Марина Овсянниковани Россиядан олиб чиқишда ёрдам кўрсатганди.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг мақсади — ўз ишини бажарганлик учун таъқиб ёки қамоққа учраган журналистлар ҳамда медиа ходимларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Ташкилот цензура ва матбуот эркинлигини чекловчи қонунларга қарши курашади. У шунингдек эркин матбуот индексини юритади.

Ташкилотнинг май ойидаги ҳисоботида бутун дунёда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани маълум қилинган — сиёсий аралашувдан холи журналистика рейтинги 7,6 баллгача тушгани қайд этилган. Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 11 поғонага пастлаб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллаган. Мамлакат 2022 йилда 2021 йилдагидан 24 поғона юқорилаб, 133-ўринга чиққанди, аммо 2023 йилда 137-ўринга тушганди.

2024 йилги рейтингда биринчи ўринда Норвегия, охиргисида — Эритрея жойлашган.

Мавзуга оид