10:40 / 22.06.2024
2247

Испания Россиянинг Каталония ишларига аралашувини текширмоқда

Айирмачиларнинг Каталонияни Испаниядан ажратишга уринишига Москванинг алоқадорлиги билан боғлиқ иш бўйича Каталония собиқ амалдорлари ва сиёсатчилари тергов қилинмоқда.

Фото: Europa Press/AP/dpa/picture alliance

Барселонанинг 1-тергов суди раҳбари Хоакин Агирре 21 июн, жума куни Россиянинг 2017 йилда Испаниядан мустақиллигини эълон қилишга уринган Каталония атрофидаги воқеаларга аралашуви билан боғлиқ ишни тергов қилишни бошлади. Ишни очиш учун сўнгги йилларда Испания махсус хизматлари томонидан тўпланган кўплаб фактлар асос бўлди. Агирренинг фикрича, Москва айирмачиларга ёрдам берган.

Беқарорлаштириш мақсадида

Бу ишда Каталониянинг 11 нафар сиёсатчиси ва расмийлари, жумладан, Каталония собиқ раҳбари Карлес Пучдемон ва унинг энг яқин ҳамкорлари гумон қилинмоқда. DW мухбири томонидан кўриб чиқилган тергов бошланиши ҳақидаги 56 саҳифалик қарорда қайд этилишича, Каталония мустақиллиги тарафдорлари «ўз режаларини амалга ошириш учун Россиядан ёрдам кутишган». Улар давлатга хиёнат қилиш ва минтақа бюджетидан мақсадсиз фойдаланишда гумон қилинмоқда.

Россиянинг Каталониядаги ҳаракатлари, Хоакин Агирре сўзларига кўра, унинг «Европа Иттифоқи мамлакатларини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан беқарорлаштириш истаги» билан изоҳланади. Унинг эслашича, Москва бошқа давлатларга нисбатан, айниқса, уларда бўлиб ўтаётган сайловларда ҳам шундай уринишлар қилган. Аммо Каталонияда, терговчига кўра, Россиянинг ниятлари минтақа раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватлангани учун алоҳида хавф туғдирган. 

Москванинг таклифлари

Тергов судининг ҳужжатида қайд этилишича, Испания разведка хизматлари Россия вакиллари ва каталонияликлар ўртасида бир қатор алоқаларни аниқлаган. Тинтувлар ва телефон суҳбатларини тинглаш материалларидан маълум бўлишича, Москва эмиссарлари 2017 йил октябр ойида Пучдемоннинг Барселонадаги қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда унинг иштирокида Каталония мустақиллигини қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий ва молиявий ёрдам юборишни таклиф қилган. 

Бу ёрдам учун айирмачиларга Каталонияда Россияга халқаро операцияларда криптовалютадан фойдаланишга ёрдам берадиган тузилма яратиш таклиф қилинди. Хоакин Агирренинг таъкидлашича, криптовалютани каталонияликларга синов тариқасида ўтказиш Бирлашган Араб Амирликларидан ҳужжатда Николай Садовников сифатида кўрсатилган россиялик томонидан амалга оширилган. 

Россиядаги алоқалар

Россия Федерацияси вакиллари ва айирмачилар ўртасидаги алоқалар 2017 йил воқеаларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам Москвада амалга оширилган. Мисол учун, 2019 йилда, Агирренинг сўзларига кўра, Россия пойтахтида Пучдемон ишончли шахслари - Жозеп Алай ва Гонсало Бойе - Россия разведка ходимлари, юқори мартабали амалдорлар ва журналистлар билан учрашган. 

Каталонияликларнинг Россиядаги суҳбатдошлари орасида айрим жиноий етакчилар, жумладан, аввалроқ Испанияда қамоқ жазосини ўтаган Захарий Калашов ҳам тилга олинади. Бирмунча вақт Москвада Каталония ваколатхонаси ҳам фаолият кўрсатган, уни сақлаш учун Каталония бюджетидан 2,5 миллион евродан ортиқ маблағ ноқонуний равишда сарфланган. 

Top