07:55 / 25.06.2024
19008

Евро кундалиги: Италия ва Хорватия ўйинида драма

Албания уйга қайтди, Хорватия — ҳозирча йўқ. B гуруҳида сўнгги тур ўйинларидаги голлар ва гуруҳ жадвалидаги вазият.

Евро-2024 турнирида В гуруҳи учрашувлари ҳам якунланди. Испания 100 фоизлик натижа билан бирини бўлди, Италия иккинчи ўринни эгаллади, Хорватия – учинчи ўринга жойлашди, Албания чамоданларини тайёрламоқда. Қуйида ҳар кунги дайжестда сўнгги тур ўйинларидаги воқеалар ҳақида.

Евро-2024. В гуруҳи. 3-тур.

Испания иккинчи таркиб билан ҳам ғалабага эришди

Албания — Испания 0:1
Гол:
Торрес (13).
Албания – Стракоша, Балиу, Жимсити, Айети, Митай, Лячи (Бериша, 70), Байрами (Хожа, 70), Рамадани, Аслани, Асани (Мучи, 81), Манай (Броя, 59).
Испания – Райя, Навас, Лапорт (Ле Норман, 46), Вивиан, Грималдо, Мерино, Олмо (Баэна, 84), Субименди, Ойарсабал (Фермин Лопес, 62), Ферран Торрес (Ямал, 71), Хоселу (Мората, 72).
Огоҳлантиришлар: Байрами (66), Бериша (89), Вивиан (90).

Дастлабки турларда ғалаба қозонган испанлар гуруҳда муддатидан олдин биринчи ўйинни нақд қилганди ва Албанияга қарши ўйинга амалда тўлиқ янгиланган таркиб билан чиқди — фақат Эмерик Ляпорт Италия билан ўйинда ҳам бошланғич таркибда ўйнаганди. Олдинги ўйин билан таққослаганда таркибда 10 футболчи алмаштирилиши турнир тарихида бунгача фақат икки марта кузатилганди.

Ўзига берилган имкониятдан Ферран Торрес тўлиқ фойдаланди. «Барселона» ҳужумчиси 13-дақиқада Дани Олмонинг анча ортдан узатиб берган ажойиб пасидан кейин ҳисобни очди. Ферран учун бу гол Евродаги учинчи гол (олдинги иккитасини олдинги турнирда урган) — «қизил фурия»да бундан кўпроқ голни фақат Алваро Мората, Фернандо Торрес ва Давид Виля уришган.

Испания танаффусга қадар мунтазам равишда рақиб дарвозасига хавф солиб турди, аммо барча вазиятлар ҳам дарвозага зарба беришгача етиб бормади. Шу билан бирга, Де Ла Фуэнте жамоаси тўпга тўлиқ эгалик қилишга ҳаракат қилмади — 41 га қарши 59. «Бургутлар» эса вақти-вақти билан ташаббусни қўлга олиб, ўйинни назорат қилишди, аммо Давид Райя дарвозасига хавф сола олмади.

Албанлардаги иштиёқ қаергадир йўқолиб қолганди — жамоа гол ўтказиб юборганидан кейин ҳам олдинга ташланмади. Танаффусдан кейин эса «қизил фурия» ташаббусни тўлиқ қўлга олди, аммо улар ҳам таваккалчилик қилмади ва иккинчи голни уришга интилмади. Кейинги 45 дақиқаликда испанлар захира ўриндиғида Де Ла Фуэнте ўрнида Гарет Саутгейт ўтиргандек эди — у ҳам гол ўтказмаслик ва минимал ғалабани ушлаб қолишга эътибор қаратиб, якунда плей-оффга юз фоизлик натижа билан чиқди. Албания эса уйга қайтади.

Хорватияни плей-оффдан бир дақиқа ажратиб турганди. Энди кўп нарса Англияга боғлиқ

Хорватия — Италия 1:1
Голлар
: Модрич (55) — Заккани (90+8). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Модрич (54). 
Хорватия – Ливакович, Станишич, Шутало, Понграчич, Гвардиол, Модрич (Маер, 80), Ковачич (Иванушец, 70), Брозович, Пашалич (Будимир, 46), Сучич (Перишич, 70), Крамарич (Юранович, 90)
Италия – Доннарумма, Ди Лоренцо, Дармиан (Заккани, 81), Бастони, Калафиори, Димарко (Кеза, 57), Жоржинио (Фажиоли, 81), Барелла, Пеллегрини (Фраттези, 46), Распадори (Скамакка, 75), Ретеги.
Огоҳлантиришлар: Сучич (24), Модрич (60), Иванушец (73), Понграчич (78), Станишич (82), Брозович (90+1), Калафиор (90+3), Фажиоли (90+6). 

Икки жамоа ҳам иккинчи турда кутилган натижага эриша олмаганди. Хорватияга плей-оффни кафолатлаш учун ғалаба керак эди, Италияни дуранг ҳам қониқтирар эди. Ва футболчилар ўйинни тетик бошлашди — жамоалар мудофаада ўтирмади ва тезлик билан ҳаракатланишди. Айниқса «Скуадра адзурра» вакиллари рақиб дарвозаси атрофида фаолроқ бўлишди: бўлим ўрталарида Алессандро Бастони ўта қулай имкониятдан фойдалана олмади — у Николо Барелланинг узатмасидан кейин бир неча метр масофадан туриб бош билан кучли зарба берди, аммо Доминик Ливакович тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими Хорватия босими билан бошланди ва италянлар дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар кўпайди. 54-дақиқада Данни Маккели Давиде Фраттези жарима майдонида тўпни қўл билан ўйнагани учун пеналти белгилади.

Жанлуижи Доннарумма Лука Модричнинг 11 метрдан йўллаган зарбасини қайтарди, ярим дақиқа ўтиб Анте Будимирнинг дарвозабон ҳудудидан берган зарбасини ҳам тўсди. Аммо Модрич қайтган тўпга эга чиқди ва «ПСЖ» дарвозабонини барибир ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди. У бу голини нишонлаш вақтида кўз ёшларини тийиб тура олмади.

«Реал» яримҳимоячиси Еврода гол урган энг кекса ёшли футболчига айланди (38 ёшу 289 кунлик). Унинг рақиби Доннарумма эса ёшлик борасида рекорд ўрнатди — у Еврода 10 ўйин ўтказган энг ёш дарвозабон (25 ёшу 120 кунлик).

Ўтказиб юборилган голдан кейин амалдаги чемпионлар турнирни эрта тарк этиш хавфи остида қолди — хорватлар онлайн жадвалда уларни B гуруҳидаги иккинчи ўриндан тушириб юборди. Лучано Спаллетти тезда Федерико Киезани майдонга ташлади ва бу ўзгариш Италиянинг рақиб ҳудудидаги ўйинига тезлик қўшди. «Ювентус» ҳужумчиси майдонга тушибоқ бурчак зарбаси ишлади — унинг узатмасидан кейин Бастони яна бир ўта қулай вазиятни йўққа чиқарди.

Аммо Италиянинг кучли босими ҳадеганда жавоб голига сабаб бўлмади, учрашув якунланишига тахминан 15 дақиқа қолганида хорватлар рақиб мудофаасида қолган бўшлиқлардан фойдаланишга ҳаракат қила бошлади — аммо улар ҳам бир неча хавфли қарши ҳужумни кутилганидек якунлай олишмади. 87-дақиқада Жанлукка Скамакка ҳам ўта қулай вазиятни кўкка совурди — ўнг қанотдан берилган идеал узатмага у дарвозабон ҳудудида туриб оёқ қўя олмади.

Қўшимча дақиқаларда эса ҳақиқий драма рўй берди — ҳакам Маккели ўйинга саккиз дақиқа қўшиб берганди. Шунинг охиргиси ўтиб бораётганида ҳимоячи Риккардо Калафиори деярли майдон марказидан рейд уюштириб, жарима майдонигача етиб борди ва Маттиа Дзакканини қулай вазиятга чиқарди — у эса тўпга бир тегинишда аниқ зарба бериб, Италияни иккинчи ўринга ва плей-оффга олиб чиқди. Буни олдинроқ захирага олинган Лука Модрич алам билан кузатишга мажбур бўлди.

Хорватия энди икки очко билан учинчи ўринда қолди ва энг яхши учинчи ўрин эгалари сифатида гуруҳдан чиқишга минимал имконият сақлаб қолмоқда.

Сўнгги икки жаҳон чемпионатида бронза медалларга эга бўлган жамоа турнирдаги иштирокини давом эттириши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак бўлади:

  • Гуржистон Португалияга ютқазиши;
  • Чехия Туркияга ютқазиши;
  • Словения Англияга камида 3 та гол фарқи билан ютқазиши (шундан кейин тўплар нисбати хорватларда тенглашиб, сариқ ва қизил карточкаларга қаралади);
  • Дания Сербия устидан ғалаба қозониши ёки Сербия Данияни камида учта тўп фарқи билан енгиши.

Бу шартлардан фақат дастлабки иккиси реал кўринмоқда, С гуруҳидаги воқеалар ривожи хорватларни қониқтирадиган тарзда ривожланишига эса деярли умид йўқ.

Мавзу
Евро-2024
2024 йил 14 июнидан 14 июлига қадар Германиянинг 10 та шаҳрида 17-бор футбол бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтади.
Барчаси
Top