2 июл куни кечқурун ва 3 июлга ўтар кечаси жаҳон чемпионати 1/16 босқичи доирасида Испания – Австрия, Португалия – Хорватия ҳамда Швейцария – Жазоир жуфтликлари иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтади.

Испания – Австрия
2 июл, 00:00. SoFi Stadium, Лос-Анжелес

Испанлар гуруҳ босқичида кутилган даражада кучли ўйин намойиш эта олмади. Жамоа учта ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, Саудия Арабистонини йирик ҳисобда мағлуб этди, аммо Кабо-Верде ва Уругвайга қарши икки ўйинда атиги бир гол билан чекланди. Австрия эса кучли прессинг билан ўйнайдиган жамоа бўлиб, асосий устунлиги тўпга эгалик қилиш ҳисобланган Испания учун бу жиддий ноқулайлик туғдиради. Қолаверса, «қизил фурия» сафида бу ўйинда жароҳатлар туфайли Нико Уилямс ва Ереми Пино иштирок эта олмайди, бу эса жамоанинг ҳужум чизиғи учун жиддий зарбадир.

Бошқа томондан, австрияликлар гуруҳ босқичининг сўнгги турида Жазоирга қарши кечган ўйинда жуда катта куч сарфлади (3:3), ҳаёт-мамот ўйинида жамоа сўнгги дақиқаларда гол уриб, плей-оффга илиниб қолди. Ралф Рангник жамоасида суперюлдузлар йўқ, аммо унинг ихтиёридаги футболчиларда ўзаро ўйнаш кўникмаси яхши шаклланган ва бу таркиб ҳар қандай грандга муаммолар туғдира олади. Бу футолчилар олдидаги асосий вазифа – аста-секинлик билан формага кириб бораётган Ямални тўхтатиш ҳисобланади. Қолган рақибларни зарарсизлантириш нисбатан осонроқ.

Европанинг амалдаги чемпионлари 1/8 финалга чиқадиган бўлса, Португалия билан ўйнаши мумкин, бу эса футбол мухлислари учун ҳақиқий классика бўларди. Жамоалар охирги марта Миллатлар лигаси финалида тўқнашган ва ўшанда кутилмаганда португаллар ғалаба қозонганди, энди эҳтимолий ўйин испанлар учун реванш олиш имкониятига айланиши мумкин.

Португалия – Хорватия
3 июл, 04:00. BMO Field, Торонто

Бу ўйинга кўпчилик «Реал»даги собиқ жамоадошлар – фаолиятидаги 222 та ўйинни бир жамоа сафида ўтказган, биргаликда тўрт бор Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган Криштиану Роналду ва Лука Модрич дуэли сифатида қарамоқда. Катта эҳтимол билан, бу сафарги мундиал ёши 40 дан ошган ушбу тажрибали футболчилар фаолиятидаги сўнгги йирик турнир бўлади ва агар Хорватия ютқазадиган бўлса, бу унинг миллий жамоа сафидаги охирги ўйинига айланади.

Аммо бу жуфтликда бошқа интригалар ҳам бор. Хорватия гуруҳ босқичини қийин ўтказди – Англиядан тўртта гол ўказиб юборди (2:4), кейин эса Панама (1:0) ва Гана (2:1) билан ўйинларда қийналди. Аммо асосийси – авлодлар алмашинувига қарамай, «шашкачилар» ўзига хос характерини сақлаб қолганини намойиш этди. Бу жамоа топ-рақибларга қарши иккинчи рақамда ҳаракатланишни, сабр қилиш ва совуққонлик билан жазолашни билади.