09:23 / 27.06.2024
1308

VK’га тегишли ICQ мессенжери ишлашни тўхтатди

ICQ мессенжери Исроилда ташкил этилган, 2010 йилда уни Mail.ru сотиб олган. У 2000-йилларда Россияда айниқса машҳур эди.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости

Россиянинг VK компанияси ICQ мессенжери фаолиятини тўхтатди. 26 июн, чоршанба куни icq.com сайти сервис ёпилгани ҳақида хабар берди. Фойдаланувчиларга «VK Мессенжерда дўстлар ва VK WorkSpace’да ҳамкасблар билан» мулоқот қилишни давом эттириш тавсия этилади. 

2020 йилда ICQ россияликлар томонидан сотиб олинди 

ICQ 1996 йилда Исроилда ташкил этилган. 2000-йилларда у ижтимоий тармоқлар ва бошқа мессенжерларга машҳурлигини бой бермагунча, Россияда айниқса фаол ишлатилган. Бундан ташқари, ICQ Чехия, Германия ва Исроилда машҳур эди. 

2010 йилда Россиянинг Mail.ru Group (кейинчалик VK) AOL компаниясидан ICQ’ни сотиб олди. Транзакция қиймати 188 миллион долларга баҳоланган. 2018 йилда «Новая газета» Россия разведка хизматларида ICQ фойдаланувчиларининг ёзишмаларига кириш имкони борлиги ҳақида хабар берган эди. 

2024 йилнинг май ойида VK ICQ мессенжерини ёпиш ва асосий эътиборни VK Мессенжер ва VK WorkSpace корпоратив сервисини ривожлантиришга қаратиш режаларини эълон қилди. ICQ ходимлари ушбу лойиҳалар жамоаларига қўшилиши ҳақида хабар берилган. 

Мавзуга оид
Top