Ўзбекистон | 10:08 / 02.07.2024
2075
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электрон далиллар билан ишлаш тизими такомиллаштирилади

Айрим қонунларга электрон далил тушунчаси ва уларни аниқлаш, тўплаш, текшириш, баҳо беришга оид ўзгартиришлар киритиш орқали ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни камайтириш режалаштирилмоқда. 

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида электрон далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда миллий процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон далиллар тушунчаси, улардан фойдаланиш тартиби аниқ белгиланмаган. Рақамли далилларга қандай маълумотларни киритиш бўйича ҳам нормалар мавжуд эмас. Ғараз ниятли шахслар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш ҳолатлари эса кескин ошиб бормоқда.

Айниқса, кибермаконда содир этилаётган мулкий турдаги жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлмоқда. Бундай жиноятлардан жабрланганлар сони ва зарар кўлами ошиб боряпти. Дунёнинг исталган ҳудудида туриб, мол-мулкни талон-торож қилиш имкониятининг мавжудлиги ҳам мазкур жиноятларни аниқлаш ва фош этишнинг мураккаблиги билан изоҳланади.

Кейинги пайтларда жиноятчилар аҳолининг банкдаги пулларини талон-торож қилишда янги усуллардан фойдаланмоқда. Хусусан, дастурий аппарат қурилмалари ёрдамида қонунга хилоф тарзда банк картаси ёки бошқа тўлов карталарининг нусхасини ясаш, сохталаштириш орқали ўзганинг банк ҳисобидаги ёхуд электрон тўлов ҳамёнидаги пуллари талон-торож қилинмоқда.

Аксарият ривожланган давлатларда банкоматлар ва тўлов терминалларига ўрнатиладиган банк карталарининг маълумотларини ўғирловчи ёки дубликатини ясовчи қурилмаларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ўтказиш ва фойдаланиш учун қаттиқ жиноий жазолар белгилаш орқали ижобий натижага эришилган.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан айрим қонунларга электрон далил тушунчаси ва уларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш, сақлаш тартиблари ва бу жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид