Жаҳон | 14:03 / 10.07.2024
6442
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги 50 кунлик ҳуманитар қамал, Саудияга таҳдид қилаётган ҳусийчилар ва Орбаннинг тактикаси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Қатар пойтахти Доҳада АҚШ бош вазведка бошқармаси раҳбари Уилям Бёрнс, қатар бош вазири, мамлакатнинг ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ол Соний, Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати раҳбари Давид Барнеа ва Миср разведкаси раҳбари Аббос Комил Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказишмоқда.

Бу орада Исроил ҳарбийлари яна Ғазо аҳолисига ўз уйларини ташлаб бошқа жойга кўчишлари лозимлиги тўғрисида буйруқ беришган.

Қария эркаклар, аёллар ва болалардан иборат узлуксиз оқим Ғазо шаҳридан ғарбга ва жанубга йўл олгани тасвирлари пайдо бўлди. Айримлар қариялар ва ярадорларни қўлидан тутиб олган, ёш болалар опичлаб олган, қўлларида эса сумка ва канистрлар ушлаб олган. Огоҳлантириш янграгач, Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ғазо шаҳрининг шарқий қисмига интенсив авиазарбалар берган.

Шаҳарнинг Дараж, Туффаҳ мавзелари ва эски шаҳар қисми нишонга олинган.

Россиянинг Киевдаги «Охмадет» болалар шифохонасига берган ракета зарбасидан сўнг украиналик бемор болаларни Исроилда текин даволашини эълон қилган яҳудийлар ҳамон Ғазога инсонпарварлик юкларини ўтказишмаяпти.

Сув, озиқ-овқат, дори-дармонлар ортилган юзлаб юк машиналари Миср ва Ғазо чегарасидаги «Рафаҳ» ўтказиш пунктида Ғазонинг ҳуманитар қамали сабабли 50 кундан бери туриб қолган.

Урушнинг 277-кунига келиб, Ғазода ҳалок бўлганлар сони 38 минг 243 кишига етди. Яраланганлар сони 88 минг 33 кишини ташкил этмоқда, деб хабар беради Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳарбийлари учта оммавий қирғинга сабаб бўлган бомбалашларни амалга ошириб, 50 кишининг қурбон бўлиши ва 130 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.

Шу пайтгача Ғазода 21 мингдан зиёд ёш болалар бедарак йўқолган ҳисобланади.

Ямандаги вазият

Яманда муҳим сиёсий етакчини озод қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ямандаги ҳусийчилар гуруҳи Яманнинг халқаро тан олинган ҳукумати билан боғлиқ бўлган ва қарийб 10 йилдан буён ҳибсда сақланаётган сиёсий етакчини озод қилиши мумкин.

Бу ҳақда ўтган дам олиш кунлари Уммонда БМТ махсус вакили Ҳанс Грундберг бошчилик ҳибсдагиларни алмашиш бўйича музокаралар бўлиб ўтган. Томонлар Яман ҳукуматининг муҳим фигураси, «Ислоҳ» партияси етакчиси, 2015 йилдан буён ҳусийчилар қўлида ҳибсда турган Муҳаммад Қаҳтонни озод қилиш бўйича музокара олиб боришган.

Қаҳтоннинг озод қилиниши кўп йиллардан буён баҳс мавзуси бўлиб келмоқда. Унинг алмаштирилиши 2014 йилдан буён фуқаролик уруши исканжасида қолган Ямандаги вазиятнинг нормаллашишини енгиллаштириши мумкин. Қаҳтондан ташқари ҳусийчилар БМТ агентлиги, дипломатик миссиялар ва бошқа ташкилотларнинг камида 45 ходимини ҳибсда ушлаб туришибди.

Бу орада ҳусийчилар Саудия Арабистонига янги уруш билан таҳдид қила бошлашди.

Ҳусийчилар ҳаракатининг етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий видеомурожаат орқали чиқиш қилиб, Саудия Арабистони билан урушни қайта бошлаш ва ҳаётий муҳим нишонларга зарба берилиши билан таҳдид қилган.

Ал-Ҳусий Саудия Арабистонини ҲАМАС ҳаракатининг ҳибсга олинган вакилларини ҳусийчилар қўлида ҳибсда турган саудиялик учувчиларга алмашишни истамаётгани, шунингдек, ҳусийчиларга кўплаб иқтисодий босим чораларини қўллаётганликда айблаган.

Ал-Ҳусий саудияликларга «кўп ҳам америкаликларга ишонаверманглар», қабилида огоҳлантириш берган.

«АҚШ Саудия режими биз билан тотал урушга киришишини истайди, лекин биз ҳеч қачон уларнинг ақлсиз ҳаракатлари олдида қўлимизни пастга туширмаймиз. Саудия Арабистони ўзининг аҳмоқона ҳаракатларини беркита олмаслигини тушуниши ва нотўғри йўлдан қайтиши керак», деган ал-Ҳусий.

Ушбу таҳдидлар Саудия ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фарҳон томонидан Ямандаги тинчлик йўл харитаси имзоланишга тайёр бўлгани ҳақида эълон қилганидан 4 кун ўтиб янграган.

АҚШдаги НАТО саммити

АҚШ пойтахти Вашингтонда НАТОнинг 75 йиллик юбилей саммити уч кун давомида ўтказилади. Бу президент Байден учун ҳам ҳал қилувчи ҳафта бўлади. Саммит Байденнинг сайловолди кампаниясини қутқариб қолиши, ёки аксинча, уни батамом барбод қилиши мумкин, деб ёзади BBC.

Доналд Трамп билан муваффақиятсиз дебатга киришганидан сўнг Байден сиёсий жиҳатдан омон қолиш ҳаракатига тушиб қолган. Бу жараённи АҚШда ҳам, жаҳонда ҳам синчковлик билан кузатишмоқда.

Вашингтонда ўтаётган НАТО саммити Байденга вақтинчалик нафас ростлаб олиш имконини бериши ёки президентнинг сўнгги курашига айланиши мумкин.

Байден бир неча бор сайловолди кампаниясидаги иштирокини давом эттиришини таъкидлади. У ўз номзоди борасида шубҳалар ва ўйловлар вақти ўтганини айтмоқда. Саммитда эса омон қолиш учун ҳаракат бошланади.

Байден уч кун давомида Шимолий Атлантика алянсига аъзо давлатлар етакчиларини қабул қилади. Учрашувлар, оммавий тадбирлар бўлиб ўтади, уларнинг кулминацияси пайшанба куни Байден иштирокидаги матбуот анжумани бўлади.

Байден халқаро муносабатларни теран тушунади, бинобарин бу саҳнада ўзини жуда қулай ҳис қилиши керак. Лекин ўртага тикилган дов жуда катта, агар унинг чиқиши яна муваффақиятсиз бўлса бу ҳалқаро ва мамлакат ичида ҳам оқибатлар келтириб чиқаради.

Агар у яна депсиниб қолса, демократлар ўртасидаги саросима янада кучаяди ва Байденнинг ноябрда бўладиган сайловларда ғалабаси у ёқда турсин, иштирокини савол остида қолдиради.

Байденнинг эҳтимолли қовун тушириши Доналд Трампнинг яна қайта президент бўлиши ва АҚШ ташқи сиёсати 180 градусга ўзгаришидан ташвишга тушиб қолган европалик иттифоқчиларнинг ҳам қўрқувини кучайтиради.

Орбаннинг тактикаси

Венгрия Европа Кенгашида раисликни қўлга киритгач, мамлакат бош вазири Виктор Орбан жўшқин ташқи сиёсий фаолият билан шуғуллана бошлади. У урушни тугатиш ниятида эканини айтиб, Киев, Москва ва Пекинга борди. Унинг шубҳали саъй-ҳаракатлари Европа Кенгашида маъқул кўрилмаяпти.

Politico нашрига кўра Орбаннинг «бўзчининг мокисидек дипломатияси» ўзига қарши ишлаши мумкин.

«Европа етакчилари Орбаннинг ўта фаоллигидан энсалари қотмоқда. Еврокомиссия раҳбари ва Европа Кенгаши раиси Урсула фон дер Ляйен ва Шарл Мишел ўз хатти-ҳаракатлари билан Брюсселда жанжал келтириб чиқараётган Венгрия етакчисини танқид остига олишди», — дейилади нашрда эълон қилинган мақолада.

Европани айниқса Орбаннинг икки ярим йилдан буён Украинага қарши қонли уруш олиб бораётган ва тўхташ билмаётган Владимир Путин ҳузурига ташрифи ғазаблантирган.

Европа Кенгашидаги манбалар Орбаннинг хатти-ҳаракатлари Венгриянинг раислигини «чиппакка чиқарган». Кенгашга аъзо давлатлар ундан ниҳоятда ғазабланган.

«Бундай учрашувлар билан раислик бошланмасдан туриб тугайди», — деган Politico’га манбалардан бири.

Нашрнинг қайд этишича, Орбаннинг фаоллиги унинг партияси ўтган парламент сайловларида таназзулга юз тутгани билан тушунтирилиши мумкин. Венгрия бош вазири амал курсисида қолиш учун янги иттифоқчиларга таяниб, ўз позицияларини кучайтиришга уринмоқда.

«Орбаннинг тактикаси ўзига қарши ишлаши мумкин. Европа Иттифоқи элчилари унинг яқиндаги сафарларини 10 июл куни муҳокама қилишмоқчи. Бу эса Европа кенгашининг расмийлари оғзаки муҳокамалардан Будапештнинг раислигини чеклаш бўйича муайян ҳаракатлар бошлаётганини билдиради», — дейилади мақолада.

Венгрияни раисликдан маҳрум қилиш учун сабаб можароли сафарлар чоғида Орбан ўз мамлакати номидан эмас, Европа Иттифоқи номидан ҳаракат қилган. Европа Иттифоқи етакчилари ўзларини оқлашга, Венгрия бош вазирининг хатти-ҳаракатлари ва гапларига алоқалари йўқлигини таъкидлашга мажбур бўлишган.

Венгрияга нисбатан ёқтирмаслик кайфияти, жумладан Орбан Украинага молиявий ёрдамларни блоклашда давом этаётгани туфайли ошиб бормоқда.

Европа Иттифоқида Венгрияни раисликдан маҳрум этиш механизмлари бор. ЕИ етакчилари бунга қўл уришадими ёки Орбанга сўнгги огоҳлантириш беришадими, буниси ҳозирча номаълум. Будапештдан статусни олиб қўйиш учун Европа кенгашидаги овозларнинг 4/5 қисми етарли. 

Мавзуга оид