Жаҳон | 13:15 / 18.09.2024
6918
8 дақиқада ўқилади

Ливанда портлаган пейжерлар, Россияда мигрантларга чеклов ва Мянмадаги сув тошқинлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ливанда портлаган пейжерлар

Ливан пойтахти Байрут шаҳри чеккасида ва мамлакат жанубида пейжерларнинг портлаши содир бўлиши оқибатида минглаб одамлар жароҳатланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, жароҳатланганлар сони 2750 кишини ташкил этмоқда, 8 кишининг ўлими тасдиқланган. Жароҳатланганларнинг 200 дан ортиғи оғир аҳволда қолмоқда.

Ахборот агентликларининг маълумотларига кўра, ҳозирча айнан қандай содир бўлгани номаълум портлаш тўлқини 17 сентябр куни кундузи бир соатга яқин давом этган.

Манбаларнинг қайд этишича, «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг мулоқот учун пейжерлардан фойдаланадиган ўнлаб аъзолари жароҳатланган. «Ҳизбуллоҳ» қатор портлашлар ортида Исроил турганини таъкидламоқда. Исроил ҳарбийлари бу айбловга изоҳ бермаган.

Яқин Шарқ матбуотининг ёзишича, пейжерлардаги литий батареялар ҳаддан ташқари қизиб кетишдан портлаши мумкин. Шунингдек, уларнинг бир вақтда портлашига ҳакерлар сабаб бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди.

Эроннинг Ливандаги элчиси Мўжтаба Омоний ҳам яраланган. Бундан ташқари, пейжер портлашлари нафақат Ливанда, балки Сурияда ҳам кузатилган.

The Wall Street Journal хабарига кўра, портлаган пейжерлар яқинда етказиб берилган қурилмаларнинг янги партиясидан бўлган. «Ҳизбуллоҳ» вакили пейжерлар қизиб кетиши ва портлашига олиб келиши мумкин бўлган дастур билан зарарланганини тахмин қилди.

Айрим маълумотларга кўра, сўнгги ойларда «Ҳизбуллоҳ» жангариларига Исроил разведка хизматлари кузатувига тушмаслик учун мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Гуруҳ аъзоларига стационар телефонлар ва пейжерлар каби эскирган алоқа воситаларидан фойдаланиш тавсия этилган.

Россияда мигрантларга чеклов

2025 йил 1 январдан бошлаб Москва области маъмурияти бир неча фаолият соҳаларида патент бўйича чет эл фуқароларининг меҳнатига чекловлар жорий қилади. Уларнинг ўрнини россияликлар ёки Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқаролари эгаллайди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Режага кўра, мигрантларга алкогол ва тамаки савдоси, кўча овқатлари, ижтимоий хизматлар, шунингдек, спорт, маданият, дам олиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ишлашга чекловлар жорий этилади. Бу билан расмийлар «эҳтимолий можароларни минималлаштиришни хоҳлайди».

«Биз патент билан ишлашни тўлиқ тақиқлаган 22 минтақага қўшилишни хоҳлаймиз. Бундан ташқари, мен стационар бўлмаган савдо объектларида, ижтимоий соҳаларда: спорт, иш, дам олиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва таълим соҳасида, кўча таомлари соҳасида патент бўйича мигрантларнинг ишини чеклашни таклиф қилмоқчиман. Бу ерда тилни сифатли билиш муҳим, чунки улар аҳоли билан ишлайди», — деди Москва области ҳукумати раиси ўринбосари Наталя Масленкина.

Шунингдек, у ушбу тақиқлар жорий этилиши билан алмаштириладиган патент эгалари сони 5,6 минг кишини ташкил этишини таъкидлади.

Мигрантлар Россияда ишлаш учун махсус патентга эга бўлиши кераклиги, унинг йўқлиги учун жавобгарлик ҳам ишчининг ўзи, ҳам у ишлаётган ташкилот зиммасида эканлиги маълум қилинган.

2024 йилнинг саккиз ойи давомида Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти Санкт-Петербургда мигрантларнинг 7119 та патентини ва Ленинград областида яна 5961 та патентини бекор қилди.

Қайд қилинишича, бу йил патентлар ўтган йилга қараганда анча кўп бекор қилинмоқда.

Патент - бу Россиянинг бир субъекти доирасида маълум бир соҳада 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Уни олиш учун хорижлик бир қатор ҳужжатларни, жумладан, рус тилини ва Россия қонунчилиги асосларини билишини тасдиқловчи ҳужжатларни, миграция картасини, тиббий суғуртани ва шахсий гувоҳномани тақдим этиши керак.

Шунингдек, Россияда патент бўйича ишлаётган чет эл фуқароси даромад солиғини олдиндан белгиланган миқдорда тўлайди. 2024 йилда Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград областида бу миқдор 4600 рублни ташкил қилади.

Марказий Европадаги сув тошқинлари

Дам олиш кунлари Европада бошланган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди. Душанба куни Чехия, Полша ва Австрияда янги қурбонлар рўйхатга олинган. Руминия шарқида бутун бир қишлоқ сув остига кетган.

Табиий офат Марказий ва Шарқий Европага ёпирилган «Борис» бўрони туфайли келиб чиққан.

Полшада бутун мамлакат бўйлаб минглаб кишилар хавфсиз жойларга кўчирилган. Кўплаб жойларда йўллар ювилиб кетган ва сув остида қолган, поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Словакияда Дунай дарёсидан тошиб чиққан сув Братиславанинг эски шаҳар қисмини сув остида қолдирган. Маҳаллий нашрларга кўра, сув сатҳи 9 метр баландликка кўтарилган ва бу давом этиши кутилмоқда.

Дунайнинг қуйи оқими ўтувчи Венгрияда ҳам яқин кунлар ичида сув сатҳи кўтарилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Дунай бўйлаб 500 км масофадаги ҳудудларни сув босиши хавфи юзага келган. Дарёда сув сатҳи ҳар 24 соатда бир метрга кўтарилмоқда.

Будапешт мэрияси сув тошқинларидан ҳимояланиш учун қум тўлдирилган миллион қоп тайёрлаган. Венгрия бош вазири Виктор Орбан барча халқаро ташрифларини қолдиргани ҳақида маълум қилган.

Энг кучли ёғингарчилик Чехияда кузатилган. Мамлакат шимоли-шарқидаги Есеник шаҳрида пайшанба куни тонгдан бери 473 мм ёғингарчилик тушган, бу эса бир ойлик нормадан беш баравар кўп.

«Борис» жанубга, Италия томон ҳаракатланишда давом этмоқда ва у ерда ҳам кучли ёмғир ёғади. Эмилия-Романя ҳудуди энг кўп жабр кўриши кутилмоқда — бу ерга 100-150 мм ёғин тушади.

Сув тошқинлари яна бир неча кун давом этиши мумкин, аммо Марказий Европадаги об-ҳаво ҳафта ўрталарига бориб яхшиланади ва анча қуруқроқ бўлади.

Мянмада сув тошқинлари

Мянмага ёпирилган «Яги» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 кишидан ошди, шунингдек, 80 га яқин одам бедарак йўқолган, деб хабар беради BBC.

«Яги» оқибатида Мянмада сув тошқинлари ва кўчкилар юз берган, бутун бошли қишлоқлар вайрон бўлган. БМТ юз минглаб акр дала майдонларини ювиб кетгани, мамлакатда ярим миллиондан зиёд инсон озиқ-овқат, ичимлик суви, турар жой ва кийим-кечакка муҳтож экани ҳақида огоҳлантирди.

Қайд этилишича, бундай кўламдаги сув тошқинлари Мянманинг яқин тарихида кузатилмаган. Мамлакат табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш агентлигининг маълум қилишича, 630 мингга яқин одам сув тошқинларидан жабр кўрган, транспорт йўллари ёпилиб қолган, кўприклар ва алоқа тармоқларига шикаст етган.

Аввалроқ Виетнамнинг шимолий қисмига ёпирилган «Яги» супертўфони натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида камида 324 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, «Яги» тўфони Таиланд ва Мянмага етиб келиши натижасида ҳар икки давлатнинг шимолий штатларида сўнгги 80 йил ичидаги энг кучли сув тошқинлари кузатилган. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид