Жамият | 15:27 / 10.07.2024
8595
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда боғдан олма ўғирлаган болаларни жазолаган эркакнинг ўзи ҳам “самосуд” қилинди

Самарқанд вилоятида фуқаро боғдан олма ўғирлаган болаларни койиб, танбеҳ бергани учун “самосуд” қилинган. Болаларнинг отаси эса боғбон ҳам болаларни ҳақорат қилгани, уриб, тан жароҳати етказганини айтган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Самарқанд вилояти Нарпай туманида боғдан олма ўғирлаган болаларни арқон билан боғлаб ҳақорат қилган ва уриб, тан жароҳати етказган эркак “самосуд” қилинди.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Нарпай тумани Оқолтин маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Ў. ўзига тегишли олма боғида меваларни ўғирлаётган болаларни ушлаб олган ва уларни чайласига олиб келиб, ўғрилик қилгани учун оғзаки койиб, танбеҳ берган.

Шундан сўнг болалардан бирининг отаси боғга келиб, Т.Ў.ни уриб, тан жароҳати етказган, қўл ва оёқларини арқон билан боғлаб “самосуд” қилган. Боғ эгаси 2024 йил 8 июл куни Нарпай туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзини уриб “самосуд” қилган шахсга қонуний чора кўришни сўраган.

Шунингдек, болаларнинг отаси ҳам жорий йил 6 июл куни Нарпай туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, қишлоқдоши Т.Ў. нинг олма боғидан меваларини ўғирлаган болаларни ҳақорат қилиб, уриб, тан жароҳати етказгани ва арқон билан боғлаб қўйганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид