Жамият | 07:29 / 09.07.2024
8210
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир йигитни «самосуд» қилиб, машинада олиб кетганлар ушланди

Ўзаро жанжал қарз масаласида келиб чиққан. Йигитларга нисбатан безорилик айби билан жиноят иши қўзғатилган.

Ижтимоий тармоқларда бир нечта шахслар фуқарони ураётганлиги акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан маълум берди.

Маълум қилинишича, жанжал жорий йилнинг 1 июл куни тахминан соат 20:25 ларда Юнусобод тумани, Ифтихор кўчасида содир бўлган. Олдиндан ўзаро таниш бўлган фуқаролар 1988 йилда туғилган Н.Т., 1993 йилда туғилган С.Қ., 1987 йилда туғилган Д.Қ., 1995 йилда туғилган Ҳ.Қ., 1994 йилда туғилган Ж.И. ҳамда 1997 йилда туғилган Ш.О. қарз масаласида оғзаки жанжаллашиб қолишган. С.Қ., Д.Қ, ва Ҳ.Қ. жамоат тартибини бузган ҳолда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, Н.Т.ни уриб тан жароҳати етказишган. Сўнг уни ўзлари келган машинада уйи олдига олиб боришган.

Жабрланувчи шифохонада бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйига кетган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Тошкентда гул дўконида жанжал уюштирган шахсга жиноят иши очилганди.

Мавзуга оид