ОТМга қабул квоталари тасдиқланди
Квоталар олий таълим муассасалари кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида, шунингдек фақат давлат гранти учун эълон қилинди. Квоталар фақат кундузги таълим шакли учун эълон қилинди, сиртқи, кечки ва масофавий учун йўқ.
Бакалавр ва магистратура қабули учун жами 44 минг 203 та давлат гранти ўринлари ажратилди.
Президентнинг 2024 йил 19 июлдаги 36-сонли фармойиши билан 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси (гранти) параметрлари тасдиқланди.
Унга кўра:
– бакалавр кундузги таълим шаклига – 34 минг 838 нафар;
– магистрлар тайёрлаш бўйича – 9 минг 365 нафар грант ўринлари ажратилди.
Президент фармойиши билан тасдиқланган жорий йилги квоталарнинг аввалгиларидан бир қанча фарқи бор:
- Биринчидан, квоталар ОТМлар кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида эълон қилинди;
- Иккинчидан, квоталар фақат давлат гранти учун эълон қилинди, тўлов-контракт учун йўқ;
- Учинчидан, квоталар фақат кундузги таълим шакли учун эълон қилинди, сиртқи, кечки ва масофавий учун йўқ.
Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев янги тизим бўйича айрим тушунтиришлар бериб ўтди.
Батафсил квоталар қачон ва ким томонидан эълон қилинади?
Батафсил квоталар Давлат қабул комиссияси томонидан эълон қилинади. Одатда бу яна 1 ҳафтача муддатни талаб қилади. Яъни Президент умумий квотани тасдиқлагач, батафсил квоталарни яна кутишга тўғри келади.
Давлат қабул комиссияси нималарни тасдиқлайди?
Давлат қабул комиссияси 2024/2025 ўқув йили учун қуйидагиларни тасдиқлашини кутиш керак:
➖умумий қабул параметрларини (олийгоҳлар, таълим шакллари ва тиллар кесимида);
➖қўшимча қабул параметрларини (имтиёзга эга абитуриентлар учун);
➖мақсадли қабул квоталарини ва ушбу квоталарнинг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
➖ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш баллини;
➖умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улушини.
Грант квотаси йўналишлар кесимида экан, у қандай тақсимланади?
Жорий йилдан бошлаб давлат грантлари олийгоҳлар учун берилмайди, балки йўналиш учун ажратилади. Масалан, Тошкент давлат юридик университети учун аниқ грант квотаси бўлмайди, 50 та олади, 100 та олади, дейилмайди. Балки юриспруденция йўналиши учун умумий грант квотаси ажратилади.
Бунда республикадаги барча олийгоҳлардаги юриспруденция йўналишига топширган абитуриентлар орасида квота доирасида энг юқори балл тўплаганлари, қайси ОТМга топширганидан қатъи назар, грантга киради. Бу дегани энди айрим олийгоҳларда грантга кирган бирорта талаба бўлмаслиги мумкин.
«Жорий йилда юриспруденсия йўналиши учун 115 та грант квотаси ажратилган. Масалан, ТДЮ, ЎзМУ, ҚДУ, СамДУ ва НамДУда юриспруденция йўналиши бор. Мана шу 5 та олийгоҳнинг юриспруденция йўналишига топширган барча абитуриентлар баллар кетма-кетлигида тахлаб чиқилади ва энг юқори балл олган 115 нафар абитуриентга грант берилади. Шунда, мисол учун, ТДЮга 50 та грант, ЎзМУга 25 та грант, ҚДУга 20 та грант ва ҳ.к. тўғри келиши мумкин.
Яъни давлат энди фалон университетга грант бераман, дегандан кўра, маълум бир йўналишга топширган ва юқори балл олган ақлли абитуриентларга грант бераман, деяпти. Бу дегани энди қайсидир олийгоҳга 160 балл билан контрактга кириб, бошқа бир олийгоҳда худди шу йўналишга 100 балл билан грантга кириш деган нарса йўқолади.
Фақат битта истисно жойи бўлади. Давлат грантининг барча квотасини битта олийгоҳ олиб қўйишининг олдини олиш мақсадида чеклов қўйилади. Масалан, 115 та квотанинг ҳаммаси ТДЮга тўғри келиб қолиши мумкин. Бунақа пайтда, масалан, 50 фоизлик чеклов қўйилади. Яъни ТДЮ фақат 115 та квотанинг ярмини, яъни 57 та грант квотасини олиши мумкин бўлади.
Ҳали квоталар тўлиқ тасдиқланмади, ҳозирча чала. Олийгоҳлар, тўлов-контракт, таълим шакллари ва тиллар кесимидаги квоталар тасдиқланишини яна кутиш керак. Қанча кутишимиз номаълум, бу Бош вазир раислигидаги Давлат қабул комиссиясига боғлиқ», дейилади постда.
Мавзуга оид
13:50 / 21.10.2024
Ҳиндистон Ўзбекистон ОТМда онлайн смарт-аудиторияларни ташкил этиши мумкин
15:23 / 21.09.2024
“Қўлингдан битта жакет сотволиш келмайдими, уятсизлар...” — ТДПУда форма киймаган талабалар босимга учради
14:49 / 21.09.2024
“Супер контракт” тартиби барча ОТМларни чалкаштиряпти. Нега комиссия қарори эълон қилинмайди?
15:20 / 19.09.2024