Жаҳон | 14:11 / 23.07.2024
2935
4 дақиқада ўқилади

Берлин суди россиялик диссидентни қамоққа жойлаштирди

Берлин судида Россия фуқароси Дмитрий Баграшга нисбатан РИА «Новости» ходимлари яшайдиган бинога ўт қўйишга уриниш айблови бўйича ҳукм эълон қилинди. Судя судланувчининг сиёсий қарашларига қўшилишини таъкидлади.

Дмитрий Баграш Фото: Vladimir Esipov/DW

Берлин суди 22 июл, душанба куни россиялик диссидент Дмитрий Баграш ишига нуқта қўйди, унга прокуратура томонидан тўртта модда бўйича айблов қўйилди, уларнинг асосийси - Берлин ғарбий қисмда РИА «Новости» ходимлари яшайдиган бинога ўт қўйишга уриниш. Яна учта айблов COVID-19 пандемияси бошида кичик бизнес учун давлат томонидан молиявий ёрдам олишда фирибгарлик, шунингдек, шаҳар электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш билан боғлиқ. Натижада судланувчи 5 йил-у 4 ойга озодликдан маҳрум этилди. 

Суд жараёнига раислик қилган судя Томас Грос ўз нутқида Россиядаги вазият бўйича судланувчининг сиёсий қарашларига қўшилишини айтди ва ҳатто 2022 йил 2 мартда Украинада уруш бошланганидан бир ҳафта ўтгач, у судда ҳалок бўлган украиналиклар хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш эълон қилганини эслади. Бироқ Берлиндаги турар жой биносига ўт қўйишга уриниш бўйича суд жараёни сиёсий эмас, жиноийдир, деди судя. 

Иш моҳияти

Суд 2022 йил 24 апрелга ўтар кечаси Дмитрий Баграш Берлинда РИА «Новости» ходимларининг уйи яқинида қўлбола ўт қўйиш мосламасини жойлаштирганини аниқлади. У икки ҳафта ўтиб, 2022 йил 6 май куни топилган. Ўша куни номаълум шахс РИА «Новости» биносига шиша улоқтириб, деразани синдирган, бунга жавобан қўшнилардан бири полицияга қўнғироқ қилган. Патрул уйни кўздан кечириб, қўлбола ёнғинга қарши мослама бўлган симлар солинган канистрани топди. Берлин полицияси воқеа ҳақида 7 май куни хабар берган.

Олти ой ўтгач, 2022 йил декабр ойи ўрталарида Дмитрий Баграш ўт қўйишга уринишда гумонланиб қўлга олинган. 56 ёшли айбланувчи Берлинда рус мухолифатининг тарафдорлари орасида яхши танилган. У Россия ҳукумати танқид қилинган бир қанча шов-шувли кўча акцияларининг ташаббускори бўлган. У Берлиндаги Россия элчихонаси рўпарасида фотокўргазмалар, Бранденбург дарвозаси ёнида ва Германия федерал канцлери идораси ёнида норозилик лагерини ташкил қилди.

Россия элчихонасининг ўт қўйишга уринишга муносабати

Ўт қўйишга уриниш аниқлангандан бир кун ўтиб, 2022 йил 7 май куни Россиянинг Германиядаги элчихонаси «россиялик журналистлар ва уларнинг оила аъзоларига қарши эҳтимолий террорчилик ҳужуми» олди олингани ҳақида эълон қилди.

Россия дипломатик миссияси пресс-релизда бу ҳодиса «Германияда дезинформация ва ташвиқот тарқатишда айбланган давлатга қарашли Россия оммавий ахборот воситаларига қарши бошланган таъқиблар муҳити» билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Воқеа муносабати билан Россия элчихонаси Германия ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.

Тергов пайтида янги айбловлар

Тергов давомида мухолифатчига нисбатан COVID-19 эпидемияси даврида давлатдан молиявий ёрдам олишда (жами 14 000 евро) фирибгарлик, шунингдек, ҳисоблагичларни айланиб ўтиш орқали электр тармоқлари ва газ таъминотига уланганлик айблари қўшилди.

Суд матбуот котиби Лиза Яни айтишича, суд судланувчининг сиёсий фаол эканлигини ва режимга содиқ журналистларга муносабатини намойиш этишни хоҳлаганини аниқлади. 

«У ижтимоий тармоқларда ҳаммасини дўзахга юбормоқчи эканлигини, оёқлари остидан ер ёниши кераклигини ёзган ва шу боис улар яшайдиган уйга ушбу қурилмани ўрнатган. Қурилма ишламаган бўлса-да, судга кўра, судланувчи унинг ишлаб кетишига умид қилган. Шунинг учун унга айблов ҳукми чиқарилди», деди Лиза Яни. 

Мавзуга оид